Ўзбекистон Республикаси
Ички Ишлар Вазирлиги

Диққат! Веб-сайт тест режимида ишламоқда.

Ҳолат юзасидан102
Ишонч телефони1102
Мақсад холис, ҳаққоний ахборот етказиш

Маълумки, жорий йилнинг 15 ноябрь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Президентимиз содир бўлган ҳуқуқбузарликларни чувур таҳлил қилиб, тартиб-интизом ва маъсулиятни кучайтириш жиноятчиликни, олдини олиш муҳитини мустаҳкамлаш борасида республикамизнинг барча раҳбар ходимларига вазифаларни белгилаб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ топшириқлар бердилар.

Ушбу топшириқлар ИИВ раҳбарияти томонидан фаолият учун дастур сифатида қабул қилинди ва уларни бажариш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олиниб, ҳаётга татбиқ қилинмоқда.
Юртимизда осойишталикни таъминлаш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларининг вазифаси эмас. Ҳар бир инсон қонунларга қатъий риоя этиши, бунинг учун эса тарбияли бўлиши лозим. «Бола ёшдан» деганларидек, тарбия жараёни ҳатто иш жойларида ҳам давом эттирилиши зарурлигини ҳаётнинг ўзи  кўрсатмоқда.
Юқорида таъкидлаганимиздек, тарбияли инсонгина қонунга итоаткор бўлади. Айни ушбу ҳолатни инобатга олиб, Президентимиз ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, бошқа вазирликлар, жамғармалар, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, хотин-қизлар қўмитаси, жамоат ташкилотлари ва вилоят ҳокимликлари раҳбарларининг жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга ошираётган ишларини талаб даражасида эмаслигини кўрсатиб ўтдилар. Шунинг учун мазкур  раҳбар ходимлар иш кунларини ҳуқуқ бузарликларни таҳлил қилиш, уларнинг олдини олиш чораларини белгилашдан бошлаши кераклиги тўғрисида кўрсатма бердилар.
Селектор йиғилишида маҳалла фуқаролар йиғини раислари, уларнинг маслаҳатчилари ва ҳудудий профилактика инспекторлари жиноят содир қилишга мойил бўлганларни, спиртли ичимликларни суиистеъмол қилувчиларни, муқаддам қасддан оғир жиноят содир қилганларни ва оилавий ҳамда қўни-қўшнилар орасида бўлаётган тушунмовчиликларни аниқлаш борасида етарлича иш олиб бормаётганлиги қаттиқ танқид остига олинди. Оқибатда оилавий жанжаллар ва турли оғир жиноятлар содир этилаётгани қайд қилинди. Бунинг тасдиғи сифатида охирги ўн кун ичида ИИВ навбатчилик қисмига келиб тушган хабарларда қайд этилган айрим жиноятлар устида тўхталиб ўтамиз. Сурхондарё вилояти Олтинсой тумани Маданият маҳалласида яшовчи «Раимберди Эъзоза» фермер хўжалиги раҳбари Муҳаммад Холматов маст ҳолда ўз уйида жанжал қилиб, туғишган акаси Улуғбек Холматовга пичоқ уриб, унинг ҳаётига зомин бўлган.
Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманидаги Табан-Жап кўчаси 2-уйда яшовчи Гулойим Юсупованинг уйига юзларига ниқоб таққан уч нафар шахс бостириб кириб, уни ва 24 ёшли қизини пичоқ ўқталиб қўрқитиб, оёқ-қўлларини боғлаб, уйидаги пулларни, тилла тақинчоқларни ҳамда уяли телефонларни олиб кетишган. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида ушбу жиноятни Нукус шаҳар Коскун-2 маҳалласида яшовчи Азамат Нуриллаев, Саранжа маҳалласида яшовчи Нурлан Жузиков ва Қозоғистон Республикаси фуқароси Оразали Бердикалиевлар содир этганликлари аниқланди.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Сурхондарёлик ака-укалар пешона тери тўкиб, рўзғор тебратар эди. Уларнинг иккаласи ҳам фермер хўжалиги раҳбарлари бўлган. Хўш, бу қотилликнинг сабаби нимада? Нима учун маҳалла аҳли ва профилактика инспектори бу оиладаги аҳволдан хабардор бўлмаганлар? Акасининг норасида гўдакларига келажакда ука нима деб жавоб беради? Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманида босқинчилик жиноятини содир этган уч нафар навқирон азаматнинг кучи аёл кишига ва унинг қизига етганлигига нима дейсиз? Бу эркак кишига муносибми? Улар бутун умр пешоналарига шармандалик тамғаси босилганини билишармикан?  Нима учун маҳалла аҳли ва профилактика инспектори қўшни давлат фуқаросининг келишдан мақсади билан қизиқмаганлар?
Ҳа, маҳалла раҳбарлари ва профилактика инспекторлари талаб даражасида ишламаётганликлари туфайли ўз ҳудудларидаги оилавий келишмовчиликлардан бехабар қолишяпти. Бунинг натижасида оилавий-маиший жиноятлар сони камаймаяпти. Улар ҳатто фожиаларга ҳам олиб келмоқда. Видеоселектор йиғилишида Фарғона вилоятида келин қайнонасини уриб ўлдирганлигини бунга яққол мисол сифатида кўрсатилиб, бу миллатимиз шаънига, урф-одатларимизга умуман ёт ҳолат эканлиги эътироф этилди.
Шунингдек, ҳар бир маҳаллани жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш, бу борада бефарқлик, лоқайдлик ҳолатларига барҳам бериш жамиятда тинч ва осойишта ҳаётни таъминлашнинг асосий шартларидан бири эканлиги қайд этилди. Шунинг учун ҳам Президентимиз «Менинг махаллам тинч» сўзлари Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир инсоннинг онгида бўлишини ва бунинг амалда бажарилиши зарурлигини алоҳида уқтириб ўтдилар.
Тадбирда ўтган ўн ой мобайнида фирибгарлик жинояти кўпайганлиги, очиқ кўнгилли халқимиз жиноятлар қурбони бўлаётганлиги айтилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва маҳалла фуқаролар йиғини раҳбарларига фирибгарликка қарши курашни кучайтириш ва унинг олдини олиш бўйича зарур чораларни кўришлари лозимлиги уқтирилди. Минг афсуслар бўлсинки, ижара ва олди-сотди ҳаракатларини ноқонуний равишда амалга оширмоқчи бўлганларнинг ўзлари жиноят қурбонларига айланмоқда.
Мулкий ҳаракатлар нотариал идоралар ходимлари томонидан қонун асосида расмийлаштирилса, фирибгарликка йўл қўйилмасди. Шунинг учун ҳам Президентимиз жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида нотариал идоралар ходимлари олди-сотди ва ижара билан боғлиқ ишларни аҳолининг яшаш жойи, яъни маҳаллаларда амалга оширишлари ҳақида топшириқ бердилар. Муқаддам судланганлар билан профилактик ишлар ҳам талаб даражасида эмаслигини тан олишимиз керак.
Фарғона шаҳар Абдулла Қодирий кўчаси 78-уй 50-хонадонда яшовчи Тимур Кашеваров эндигина 26 ёшга тўлганига қарамай олти маротаба судланган. У 2017 йил 20 апрель куни суд ажрими билан шартли равишда озодликка чиқарилгач, 12 сентябрь куни канцелярия товарлари дўконидан яна ўғрилик содир қилиб қўлга олинган.  
2017 йилнинг 10 ойи мобайнида 9100 нафар хотин-қиз, 22283 нафар ёшлар жиноят содир қилганликлари ниҳоятда аянчли ва ташвишли ҳолдир. Хотин-қизлар бизнинг оналаримиз, опа-сингилларимиз, турмуш ўртоқларимиз, қизларимиз, келинларимиз ва набираларимиздир. Суд ҳукми билан жазо ўтаётганлардан бири ўзингизнинг яқинингиз эканлигини кўз олдингизга келтирсангиз, юрак-бағрингиз ўртаниб кетиши аниқ.
Шу йил 20 ноябрь куни Фарғона вилояти Марғилон шаҳри Тошлоқ-тепа маҳалласида яшовчи Мафтуна Олимовадан икки нафар номаълум аёл ҳожатхонага кириш учун рухсат сўрайди. Улар уйга киришгач, хонадон бекасини чалғитиб, заргарлик буюмларини ўғирлаб кетишади.
Кўрилган чоралар натижасида ушбу жиноятни Гуласал ва Малика исмли қизлар содир қилганлиги аниқланган. Эндигина мустақил ҳаётга кириб келаётган бу қизлар келажакда ўз қилмишларидан тегишли хулоса чиқарадилар деган умиддамиз.
Президентимиз ёшлар адашиб биринчи марта жиноят содир қилган бўлса, агарда маҳалла фуқаролар йиғини ва Ўшлар иттифоқи уларнинг тузалишига кафолат бериб мурожаат қилсалар, судлар томонидан жазо тайинлашда инобатга олинишини кўрсатиб, бизга ёшларнинг, айниқса хотин-қизларнинг қамалиши эмас, оиласи бағрида жамият учун фойдали инсонлар бўлиши кераклигини уқтириб ўтдилар.
Аёлларимиз шаънига салбий сўз гапириш биз учун ҳам оғирдир. Аммо муқаддам 12 нафар фуқарога нисбатан фирибгарлик қилиб судланганидан сўнг Навоий шаҳрида яна бир неча инсонларнинг ишончига кириб, пул ва мулкларига фирибгарлик йўли билан эгалик қилган 35 ёшли Лобар Бобоеванинг қилмишини қандай тушуниш ва оқлаш мумкин?
Йиғилишда шу йилнинг 10 ойи давомида 8 мингга яқин йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлиб, 2031 нафар фуқаро ҳаётдан кўз юмгани ва 7622 нафари тан жароҳати олганлиги, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш бўйича қилинаётган ишлар талабга жавоб бермаслиги ва келажакда инсонлар ҳаёти ва соғлиғини сақлаш бўйи ча кескин чора-тадбирлар амалга оширилиши лозимлиги хусусида ҳам гап борди. Бунга қуйида биргина мисол келтириш билан кифояланамиз. Ўйлаймизки, шу биргина мисол ҳам кишини жиддий ўйга толдиради, мулоҳазага чорлайди.
Жорий йилнинг 20 август куни Ойбек Комилов маст ҳолатда рулга ўтиради. Оқибатда «Лассети» русумли автомашинаси бошқарувини эплай олмай олдинда  кетаётган машинага урилади. Натижада автомашина йўлдан чиқиб кетиб, йўл четида тўхтаб турган вояга етмаган икки нафар пиёдани уриб юборади. Улардан бири олган оғир тан жароҳати туфайли ҳаётдан бевақт кўз юмади.
Йиғилишда Ички ишлар вазирлиги тизимида кадрлар билан ишлашнинг аҳволи ҳам жиддий танқид қилинди. Жумладан, ўтган 10 ой мобайнида соҳа ходимлари томонидан 6869 та хизмат интизоми талаблари бузилганлиги ва уларга нисбатан 272 та жиноят иши қўзғатилганлиги қайд этилди.
Бизнингча, ички ишлар органлари ходимлари ўз ишини Ватанни севишдан бошлаш керак. Юртини севган инсонгина Ватанига ва халқига садоқат билан хизмат қилади. Шу ўринда таниқли инглиз шоири Жорж Байроннинг «Ким ўз юртини севмаса, у ҳеч нарсани сева олмайди» деган сўзларини эслаш ниҳоятда ўринлидир.
Шу йилнинг 24 ноябрь куни ИИВ кадрлар билан ишлаш хизмати раҳбар ходимлари иштирокида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда тизимда кадрлар сиёсатида йўл қўйилган камчиликларни бартараф этишга қаратилган аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Ўз вақтида халққа етказилган маълумотлар турли «миш-миш»ларга барҳам беради. Айниқса, юртимизда юз берган ҳуқуқбузарликлар ва шов-шувга сабаб бўлган баъзи жиноятлар ҳақида холисона ва тезкор маълумотлар етказиш замон талабидир. Афсуски, бугунги кунда техника ривожланганлиги туфайли содир бўлган жиноятлар турли интернет сайтларида холисона ёритилмай, аҳолига бир томонлама маълумотлар тарқатилган ҳолатлар ҳам учрамоқда.
Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ички ишлар органлари фаолиятини ахборот кузатуви ишларини мувофиқлаштириш, уларнинг мансабдор шахсларнинг фуқаролик жамияти институтлари ва жамоатчилик вакиллари билан учрашув ва брифингларни, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва мамлакатда ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш масалалари бўйи ча фуқаролар билан очиқ тўғридан-тўғри мулоқотларни ташкил этиш чоралари кўрилмоқда.
Ички ишлар органлари мансабдор ходимларининг аҳоли билан очиқ, тўғридан-тўғри мулоқотни амалга оширишда кўмаклашиш, жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятга қарши курашнинг муҳим масалаларини ва фуқароларнинг долзарб муаммоларини муҳокама қилиш ва ҳал этиш учун жамоатчиликни кенг жалб этиш мақсадида Президентимизнинг топшириқларига асосан, 2017 йил 30 октябрь куни Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Ички ишлар вазирлиги Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси тузилди. Бошқарма бошлиғи бир вақтининг ўзида Ички ишлар вазирининг матбуот котибидир.
Янги ташкил этилган ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси ҳудудий ички ишлар органларининг матбуот хизматлари фаолиятига ташкилий услубий жиҳатдан кўмаклашиб, уларни республиканинг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари билан мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатишларини таъминлашга масъулдир.
Шунингдек, бошқарма ходимлари оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоғи материалларини туну кун мониторинг ва таҳлил қилишни таъминлаб, нотўғри хабар ёки ички ишлар органлари обрўсига путур етказувчи материалларга зудлик билан муносабат билдириб боришади.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги расмий веб-сайтининг самарали фаолиятини ташкил этиш, унга доимий равишда ахборот материалларини жойлаш ҳамда ички ишлар органлари таркибий бўлинмаларининг веб-ресурсларини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш ҳам долзарб вазифалардан ҳисобланади.
Вазирлар Маҳкамасининг ушбу қарори оммавий ахборот воситаларида эълон қилинганида интернет сайтларида келажакда сўз эркинлиги чегараланиши ва интернет назоратга олиниши мумкинлиги ҳақида ҳам ўринсиз муҳокамалар бўлди.
Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлаймизки, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг халқ билан мулоқот энг устувор вазифа эканлиги ҳақидаги кўрсатмалари доимий вазифамиз бўлиб қолади.

Қутбидин БУРХОНОВ,
ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар
ошқармаси бошлиғи – Ички ишлар вазирининг матбуот котиби, генерал-майор.

04-12-2017 | 253
Сайт харитаси
Ўзбекистон Республикаси
Ички Ишлар Вазирлиги
Маълумотлардан фойдаланилганда mvd.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт.
© Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2017
Яратувчи:

ИИВ АТА ва АҲБ

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг