20 январ 2020 1157

2019 йил якунига бағишланган йиғилиш танқидий руҳда бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 20 январь куни Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармасида Ички ишлар органлари томонидан 2019 йилнинг 12 ойи давомида амалга оширган ишлар ва йўл қўйган хато ва камчиликларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Ўтказилган мазкур йиғлишда бошқарма бошлиғининг барча ўринбосарлари, соҳавий хизматлари раҳбарлари иштирок этди.
Вилоят ИИБ бошлиғи, полковник Абдувоҳид Исмоилов йиғилганларни кун тартибидаги масалалар билан таништириб ўтди. Шундан сўнг  Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари, генерал-майор Азизбек Икрамов сўз олди.
Мамлакатимизда ички ишлар органлари ходимлари хизмат фаолиятини олиб бориши учун яратилган шарт-шароитлар, қилинаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритиб, бугунги кунда ички ишлар органлари ходимлари ўз фаолиятига танқидий баҳо бериб, таҳлил қилиши, шунингдек, “Халқ манфаатларига хизмат қилиш” шиори остида фаолият олиб бориши зарурлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Йиғилишда бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари, полковник Шуҳрат Бўроновнинг 2019 йилда вилоятда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни барвақт олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликка қарши курашиш ва содир этилган жиноятларни “иссиқ изи”да фош этиш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш борасида ички ишлар органлари ходимлари томонидан эришилган ютуқ ва йўл қўйилган камчиликлар, амалга оширилган ишлар юзасидан ахбороти тингланди.
Таҳлиллар асосида масъул раҳбарларнинг ҳисоботлари тингланиб, муҳокама натижаларига кўра хизмат вазифаларини бажаришда мунтазам камчиликларга йўл қўйиб келган бир қатор раҳбар, ходимларга, ҳудудий профилактика инспекторларига нисбатан тегишли интизомий чоралар қўлланилиб, айримлари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, баъзилари эса ички ишлар органлари сафидан бўшатилди.
Йиғилиш сўнгида генерал-майор А. Икрамов ҳар бир ходим хизмат интизоми ва қонунийликка қатъий амал қилиши лозимлиги, қуйи тизимдан, яъни маҳаллада фаолият олиб бораётган профилактика инспектори билан кунлик фаолиятини олиб бориши, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши курашиш, унинг барвақт олдини олишни маҳалладан бошлаши кераклиги тўғрисида таъкидлаб ўтди ва ходимларнинг келгуси фаолиятига муваффақият тилади.
Муҳокама тарзида ўтказилган йиғилиш сўнгида ходимлар зиммасига аниқ вазифалар қўйилиб, тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

© 2006-2021. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага