11 июн 2021 303

«Afrosiyob»: Олислар яқин,кўнгил хотиржам

«Afrosiyob» тезюрар поездлари юртдошларимиз ва меҳмонлар узоғини яқин қила бошлаганига октябрь ойида ўн йил бўлади. Аввалига фақатгина 344 километрлик масофада Тошкент – Самарқанд – Тошкент йўналишида ҳаракатланган бу пўлат тулпорлар 2015 йилдан бошлаб Қарши шаҳригача борадиган бўлди.

Соатига 250 километр тезликкача чиқиш имкониятига эга «Afrosiyob» Тошкент, Жиззах, Сирдарё, Самарқанд вилоятларидан ўтади. Тошкентдан Самарқандгача бўлган масофани аввалига икки ярим соатда босиб ўтган бўлса, эндиликда бу вақт 2 соату 8 дақиқагача қисқарган.

Поезд вагонлари йўловчилар ва вагон кузатувчилари учун қулай қилинган. Ҳатто ногиронлар учун ҳам барча шароитлар мўмай. Турли тоифадаги ўнга яқин вагон, битта ресторанга эга поезд бир вақтнинг ўзида 300 нафарга яқин йўловчига хизмат қилади.

Вагонларда нафақат осойишталикни, балки санитар-гигиеник ҳолат барқарорлигини ҳам сақлашга масъул бўлган осойишталик посбонларининг иши енгил эмас. Масалан, биз чиққан рейсда поезд ўрнидан қўзғалганидан кейин кўп ўтмай, бир йўловчи аёл катта лейтенант Хуршид Бойзановнинг олдига келди.

Маълум бўлишича, вокзалда қўл сумкасини унутиб қолдирибди. Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси Йўловчи поездларни кузатиш батальони ҳуқуқбузарликлар профилактикаси гуруҳи инспектори, катта лейтенант  Х.Бойзанов дарҳол вокзалда хизмат қилаётган ҳамкасбларига қўнғироқ қилиб, бу ҳақда хабар қилди. Қўл сумкаси топилди, тегишли қоидалар асосида далолатнома расмийлаштирилди.

Ички ишлар органлари ходимларига минг раҳмат, – дейди Муножот Ҳотамова. – Хизмат сафари билан Қарши шаҳрига кетаётгандим, шошилинчда қўл сумкамни унутиб қолдирибман. Хайрият, у топилди, ичидаги ҳамма нарса жойида экан, эртага эрталаб Қарши шаҳрига етказиб беришадиган бўлишди, улардан жуда миннатдорман.

Соат миллари 10 дан 10 дақиқа ўтганини кўрсатган вақтда поезд гўзал ва бетакрор Самарқанд вокзалида тўхтади. Манзилига етган йўловчилар поезддан туша бошлашди. Вагон кузатувчилари уларни хушмуомалалик билан кузатиб қўйиб, поездга чиқаётган йўловчиларнинг чипталарини текшириб, вагонга кузатиб қўйишди. 10 дақиқалик танаффусдан кейин поезд «Қайдасан, Қарши?» дея йўлда давом этди.

Қарши темирйўл вокзалидан бир ойда 12 мингга яқин юк поездлари, 100 мингдан ошиқ вагонлар ўтади. Кўриниб турибдики, халқаро ва маҳаллий йўловчи поездларга хизмат кўрсатиш, юк поездлари хавфсизлигини таъминлаш осон иш эмас.

«Afrosiyob» тезюрар поезди йўналишининг 207 километри вилоятнинг 7 тумани ва Шаҳрисабз шаҳридан ўтади. Поезд юқори тезликда ҳаракатлангани боис, темирйўлларда хавфсизликни сақлаш муҳим аҳамият касб этади. Йўл ўтказгичлари, темирйўл кесишмалари ҳамда бекатларида нохуш ҳодисаларнинг олдини олиш ҳамиша долзарб масала. Шунинг учун ҳам профилактик тадбирларга катта эътибор қаратиляпти, таълим муассасаларида, ҳатто болалар боғчаларида ҳам темирйўлларда ҳаракатланиш қоидаларига риоя қилиш зарурлигини мисоллар орқали кўрсатиб беришяпти. Бунда подполковник Г.Элмуродова, капитанлар О. Сойипов, Х. Умиров, катта лейтенантлар А.Сафаров, А.Жулановлар алоҳида жонбозлик кўрсатишмоқда.

Эрталаб биз билан йўлга чиққан қуёш ҳам секин ўз¸ тоғига томон йўл олди. Йўловчилардан кимдир мизғиган, яна кимдир қулоқчинда мусиқа тинглаяпти, бошқаси монитор орқали кино томоша қиляпти. Вагон ойналаридан манзаралар липиллаб алмашиб боради. Жазирама саратон сабаб сариқ тус олган далалар шафақнинг акси тушиб ўзгача гўзаллик ҳосил қилади, лаҳза ўтмай бу манзара бошқасига ўрин бўшатади. Шу тахлитда пойтахт лавҳалари кўзга ташлана бошланди. Поезд кўркам ва озода Тошкент вокзалига кириб келди...

Пойтахтга хуш келибсиз, манзилингизга яхши етиб олинг, – дея йўловчилар билан хайрлашаётган вагон кузатувчиларидан узоқлашиб, биз ҳам одамлар оқимига сингиб кетдик...

Азиза ЖАНИЕВА,Гули Нигор АВАЗОВА, «Postda-На посту» мухбирлари.

© 2006-2021. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага