3 сентябр 2020 1490

Агар Сизда “IMEI” кодлари билан боғлиқ муаммолар юзага келса, яшаш манзилингиз бўйича ички ишлар органларига мурожаат қилинг!

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида мобил алоқани ривожлантириш, замонавий сервис хизматларини жорий этиш орқали интерактив давлат хизматлари ва электрон тижоратдан фойдаланиш имкониятларини яратиш, шунингдек, халқаро стандартларга мос келадиган уяли алоқа воситалари ва мобил алоқа модулига эга қурилмаларни кенг ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида Ҳукумат томонидан бир қатор тегишли чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Шу жумладан, уяли алоқа воситаларининг мамлакатимиз ҳудудига ноқонуний йўллар билан кириб келишини олдини олиш, мазкур йўналишдаги фаолиятни марказлашган тизим сифатида тартибга солиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси мобил қурилмаларни ҳисобга олиш тизимини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 847-сон Қарорига асосан “Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш республика маркази” давлат унитар корхонаси (UZIMEI) ташкил этилиб, унинг зиммасига мобил қурилмаларнинг идентификация кодларини рўйхатга олиш, вазирлик ва идоралар ҳамда телекоммуникация операторлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиши  юклатилган.

Сўнги вақтларда, хорижий давлатлардан мамлакатимизга келаётган фуқароларнинг шахсга доир маълумотларидан учинчи шахслар томонидан ноқонуний равишда фойдаланилиб, уларнинг маълумотлари асосида “UZIMEI” мобил қурилмалар IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш тизими орқали, келиб чиқиши маълум бўлмаган уяли алоқа воситалари рўйхатга қўйилаётгани ҳақидаги мурожаатлар сони ортиб бораётганлиги кузатилмоқда. Шу муносабат билан, мазкур ҳолатни муҳокама этиш мақсадида, жорий йилнинг 3 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ва “UZIMEI” тизими оператори масъул ходимлари иштирокида ишчи учрашув ўтказилиб, унда юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, шахсга доир маълумотлар Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 2 июлдаги “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги ЎРҚ-547-сон Қонуни билан ҳимояланиб, фуқароларнинг шахсга доир маълумотларини қонунга хилоф равишда йиғиш, тизимлаштириш, сақлаш, ўзгартириш, тўлдириш, улардан фойдаланиш, уларни бериш, тарқатиш, узатиш, эгасизлантириш ва йўқ қилиш Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 46-2-моддасига асосан фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса-беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Ўша ҳаракатлар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса, ёхуд бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктирилиб, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, ғаразли ёки бошқача паст ниятларда, хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этилса, ёхуд оғир оқибатларга сабаб бўлса, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 141-2-моддасига асосан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шу ўринда юртдошларимиздан, агарда телефонларининг “IMEI” кодлари билан боғлиқ юқоридаги муаммолар юзага келган тақдирда яшаш манзиллари бўйича ички ишлар органларига мурожаат қилишларини тавсия этамиз.

ИИВ Тезкор-қидирув ҳамкорлиги бошқармаси

© 2006-2020. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага