1 июн 2020 639

Андижонда мастлик оқибатида содир этилган жиноят кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинди

Спиртли ичимлик истеъмол қилиш, мастлик ҳеч қачон яхшиликка олиб келмайди. 2020 йил 30 май куни соат 19:30 ларда  Андижон шаҳрида яшовчи, фуқаро Б.С. таниши М.Б нинг яшаш уйида у билан бирга спиртли ичимлик истеъмол қилишиб, Б.С.га қарашли Олтинкўл тумани, "Жалабек" МФЙ ҳудудида жойлашган пайвандлаш цехига боришади. Бу ерда М.Б. маст холда Б.С.ни уятли сўзлар билан ҳақорат қилганлиги учун ўзаро жанжаллашиб кетишади. Жанжал оқибати аянчли  якун топади. Фуқаро Б.С. шу ерда бўлган хўжалик болтаси билан М.Б.ни бош қисмига 2 маротаба уриб оғир тан жароҳати етказади ва М.Б.нинг вокеа жойида вафот этишига сабабчи бўлади.

Мазкур ҳолат юзасидан Олтинкўл тумани прокуратураси томонидан Б.С.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмокда.

Ушбу аянчли ҳолатни содир этган Б.С.нинг қилмиши Олтинкўл тумани, Жалабек маҳалласида яшовчи кенг жамоатчилик иштирокида танқидий муҳокама қилинди.Андижон вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари полковник Я.А.Абдулхаков раислигида ўтказилган муҳокамада ушбу жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари туб илдизигача таҳлил қилинди.

Меъёридан ортиқ ичкилик ҳар қандай инсонни ақлидан айиради, қилаётган хатти-ҳаракатини англолмай қолади. Бунинг натижасида жиноят кўчасига кириб қолиши ҳам ҳеч гап эмас.Жиноятлар таҳлилига назар ташланса, айнан ичкилик оқибатида содир этилган жиноятларнинг аксариятида айбланувчи воқеа пайтида ўз хатти-ҳаракатини билмайди. Ушбу аянчли жиноят ҳам ўз хатти-ҳаракатларини идора қила олмаслик оқибатида келиб чиққанлиги ўкинч билан тилга олинди.  

Шунингдек, аксарият кишилар атрофида бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бефарқлик билан қараб иш тутаётганликлари ҳам кескин қораланди.Бўлиб ўтган бу воқеани муҳокамада иштирок этганларнинг барчаси оиласи,  ва таниш-билишларига ибрат олиш мақсадида етказишлари шарт эканлиги қайта-қайта  таъкидланди. Бу каби жиноятларнинг содир этилишига жойлардаги мутасаддиларнинг етарли даражада профилактик тадбирларни  олиб бормаётганликлари сабаб бўлаётганлиги танқид остига олинди. Ушбу жиноят учун эса жазо муқаррарлиги  албатта таъминланиши алоҳида таъкидлаб ўтилди.  

Муҳокама сўнгида мазкур жиноятнинг келиб чиқиш сабабларини кенг жамоатчилик вакилларига ҳам янада таъсирчан усулларда етказиш бўйича ҳудудий профилактика инспекторлари, маҳалла фуқаролар йиғини раислари, кўчабошилари, оқсоқоллари ҳамда маҳалла фаолларига муҳим чора-тадбирлар белгилаб берилди.

Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати

© 2006-2020. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага