5 январ 2021 604

Азму шижоатга муносиб баҳо

Эътироф этиш жоизки, энг замонавий тажрибаларни узида мужассам этган ва айни вақтда осмонимиз мусаффолигини куз қорачиғидек асраб-авайлаб келаётган ички ишлар органлари халқимизнинг тинч меҳнати ва осойишта ҳаётини таъминлашнинг ишончли кафолатига айланди.

Ички ишлар органлари сафларида она Ватанимизни чин дилдан севадиган, бурчига садоқатли, муқаддас заминимиздаги тинч ва осуда ҳаётни таъминлаб келаётган энг муносиб ходимлар хизмат қилмоқда. Уларнинг фаолияти, азму шижоати ҳар қачонгидан ҳам юқори баҳоланиб, халқимизнинг юксак ҳурматига сазовор бўлмоқда, ходимларимизнинг узи эса давлатимиз ва жамиятимиз ғамхўрлигини амалда ҳар томонлама чуқур ҳис этмоқда.

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллиги, Ўқитувчи ва мураббийлар куни ҳамда 25 октябрь - Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан Президентимиз фармонига кура, бир гуруҳ ходимлар давлатимизнинг юксак мукофотлари билан мукофотланган эдилар.

Ички ишлар органларида узоқ йиллар самарали хизмат қилган, юртимизда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, жамоат хавфсизлигини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини ошириш, жиноятчиликка қарши курашиш тизи- мини такомиллаштириш, шунингдек, ёш авлодни она Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш ишларига катта ҳисса қўшган фидойиларни шарафлаш мақсадида куни кеча ИИВда тантанали тадбир ўтказилди.

Тантанали тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов сўзга чиқиб, мамлакатимиз ички ишлар органлари ходимларининг жамоат тартиби ва тинчлик-осойишталикни сақлаш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасидаги фидокорона хизмати, айниқса, уларнинг бугунги пандемия шароитида кўрсатган жонбозлиги Президентимиз ва халқимиз томонидан муносиб қадрланганлигини алоҳида таъкидлади.

Шундан сўнг вазир марказий аппарат ҳамда Тошкент шаҳар ИИББнинг бир гуруҳ ходимларига давлатимизнинг юксак мукофотларини тантанали равишда топширди.

Тадбирда мукофотланганлар номидан сўзга чиққан ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи, II даражали «Шон-шараф» ордени соҳиби, полковник Олим Саидов, Тошкент шаҳар Чилонзор тумани ИИОФМБ эксперт-криминалистика гуруҳи катта эксперти, «Дўстлик» ордени соҳиби, майор Светлана Сальникова ва ИИВ Ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси, «Шуҳрат» медали соҳиби Гулбахор Суяровалар юксак эътироф учун Президентимизга, вазирлик раҳбариятига миннатдорлик изҳор этиб, билдирилган юксак ишончни фидойи хизматлари билан оқлашга ваъда беришди.

- Менга берилган бу мукофот замирида барча ҳамкасбларимнинг меҳнати бор, - дейди ИИВ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси бўлим бошлиғи, «Шуҳрат» медали соҳиби, подполковник Ойбек Хожиматов. - Давлатимиз раҳбари томонидан ички ишлар органларини эл-юрт манфаатларига хизмат қиладиган чинакам халқчил тизимга айлантириш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Юртимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлашдек шарафли ишга ҳисса қўшаётганимдан чексиз фахрланаман.

- Камтарона хизматим юксак баҳоланганидан жуда мамнунман, - дейди ИИВ Кадрлар бош бошқармаси жанговар, хизмат ва жисмоний тайёргарликни ташкиллаштириш бўлими МТБ инспектори, «Соғлом турмуш» медали соҳиби, капитан Шерзод Деканбаев. - Бунинг учун Президентимиздан, вазирлик раҳбариятидан миннатдорман. Келгусида ходимларимизнинг жисмонан етук, ҳар томонлама баркамол бўлишида ва уларнинг жанговар тайёргарликларини оширишда бор куч ва маҳоратимни сафарбар этаман.

«Эл-юрт учун фидойилик қилиш яхшиликларнинг гултожи ҳисобланади», дейилади ҳикматлардан бирида. Дарҳақиқат, Ватан хизматига камарбаста фидойи ходимларимиз мамлакатимизда жиноятчиликнинг олдини олиш, унга қарши курашиш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда юрт осойишталигини таъминлашда юксак касб маҳоратини намойиш этиб, зиммаларидаги вазифаларни сидқидилдан бажариб келмоқда.

Азизжон ФАЙЗИЕВ, майор. Ҳикматулла АЛИМЖОНОВ олган суратлар. "Постда".

© 2006-2021. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага