18 август 2020 328

Бизнинг фидойи ходимлар: Иқтидорли ёшлар – муваффақият гарови

Рўзметов Шерзод Бахтиёр ўғли 1993 йилда Урганч шаҳрида туғилган. 2015 йил Урганч Давлат университетини тамомлаб, бир муддат Урганч туризм ва тадбиркорлик касб-ҳунар коллежида ўқитувчилик қилган. 2018 йилда вилоят ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси Хива шаҳри бўйича ХТТБ сафарбар гуруҳи сафдор ходими лавозимида хизмат фаолиятини бошлаган. 2019 йилнинг март ойидан эса вилоят ИИБ ХТТБ Ахборот-таҳлил бўлинмаси катта инспектори лавозимида хизмат қилиб келмоқда.   

Устозларининг маслаҳат ва йўл-йўриқларига амал қилган бу йигит касб сирларини, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни қунт билан ўрганди. Шунинг учун қисқа фурсат ичида мустақил иш юритадиган, зиммасидаги вазифаларни ўз вақтида бажарадиган интизомли ходимга айланди. У вилоятга ташриф буюраётган туристлар хавфсизлигини таъминлаш йўлида сидқидилдан хизмат қилмоқда.

Туркиядан ташриф буюрган Йилдиз Али Фуркан Шерзод Рўзметовга мурожаат қилиб, ўзига тегишли бўлган қора рангли юк сумкасини номаълум жойда унутиб қолдирганини айтиб, уни топишда амалий ёрдам беришини сўрайди. Шерзод мазкур мурожаат асосида тезкор-суриштирув ишларини олиб боради. Натижада сайёҳга тегишли бўлган ушбу сумкани Хива шаҳар “Ичан-Қалъа” давлат музей қўриқхонаси “Ота дарвоза” олдидаги автотураргоҳдан топиб, эгасига топширади. Хорижлик сайёҳ кўрсатилган бундай беғараз ёрдам учун сафдор Шерзод Рўзметовга самимий миннатдорлик билдиради.

Шунингдек, у жорий йилнинг апрель ойида юртимизга сайёҳ сифатида ташриф буюрган Буюк Британия фуқароси Вонг Ман Сау ҳамда Франция фуқароси Тран Мичелга карантин қоидаларига амал қилишлари бўйича зарур тавсиялар беради. Қолаверса, ушбу сайёҳларга бир маротаба фойдаланадиган тиббиёт ниқоблари, қўлқоплар, антисептик воситалар ҳамда коронавирус инфекциясидан ҳимояланишда ёрдам берадиган қўлланманинг хорижий тилларда чоп этилган нусхаларини топширган.

Лейтенант Ш. Рўзметов ҳозирда вилоят ҳудудида коронавирус пандемиясига қарши карантин чоралари кучайтирилгани муносабати билан ўтказилаётган профилактик тадбирларда ҳам фаол иштирок этмоқда. У хорижий мамлакатлардан қайтиб келганлар ва улар билан мулоқотда бўлган фуқаролар яшовчи 3 та хонадонни кузатувга олишда шахсий ташаббус кўрсатган.

Лейтенант Шерзод Рўзметов хизмат вазифасига масъулият билан ёндашадиган шижоатли ёшларимиздан бири, – дейди вилоят ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, подполковник Марат Худойберганов. – У инглиз ва рус тилларида бемалол сўзлаша олади. Шу боисдан ҳам вилоятимиз ҳудудига ташриф буюраётган сайёҳларда ижобий таассуротлар қолдириб, намунали хизмат олиб бораётир.

Мамлакатимиз тинчлиги, халқимиз осойишталигини таъминлашдек шарафли касбда фидойилик билан хизмат қилаётган бу каби шижоатли ходимлар янада кўпаяверсин.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

© 2006-2020. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага