8 апрел 2021 213

Бурчга садоқат

Ватан ҳимоячилари куни олдидан Нукус халқаро аэропортида хавфсизликни таъминлаш алоҳида батальонида ҳам байрамга тайёргарлик ишлари авжига чиққан палла эди. Байрамдан бир кун олдин ушбу ҳарбий қисмда хизмат олиб бораётган III даражали сержант Асқар Эргашов раҳбариятдан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги байрам тадбирида ҳарбий қисм номидан иштирок этиш топшириғини олди.

Тадбирга йиғилган кам сонли давлат ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг вакилларини кўриб, Асқарнинг хаёлидан «Пандемия сабаб кўпчилик чақирилмаган бўлса керак» деган ўй ўтди. Лекин байрам табригидан кейин Президент фармони билан ўзининг исми-шарифини, «Шуҳрат» медали билан тақдирланганини эшитганида қулоқларига ишонмади.

- Асқар Эргашов ҳарбий қисмимиздаги намуна қилиб кўрсатадиган ҳарбий хизматчилардан бири, - дейди қисм командирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари, майор Азиз Элов. - У ёш аскарларга ҳарбий хизматнинг сир-асрорларини ўргатишдан эринмайди. Айнан унинг ҳушёрлиги боис ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан аэропортда хизмат ўтаётган хизматчиларни синаш мақсадида ўтказилган бир нечта тадбирларда «тартиббузар»лар вақтида аниқланиб, қўлга олинди.

Қаҳрамонимиз Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида туғилган. Шу ердаги 63-сонли умумтаълим мактабини тугаллаганидан сўнг тумандаги касб-ҳунар коллежида таълим олади. Ҳарбий хизматга чақирилиб, йигитлик бурчини Навоий халқаро аэропортида хавфсизликни таъминлаш алоҳида батальонида ўтайди. Ҳарбий хизматдан сўнг марҳум отаси Тўра Эргашов каби кейинги ҳаётини ҳарбийликка бағишлашга аҳд қилади. У дастлаб Тошкент, кейин Қашқадарё вилоятида, 2016 йилдан буён эса Нукус халқаро аэропортида хавфсизликни таъминлаш алоҳида батальонида хизмат қилиб келмоқда. Шунингдек, тинч-тотув оиласида рафиқаси Дилафруза билан Дилнура, Азимбек, Асадбек исмли уч нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказмоқда.

- Ўз юртини ҳимоя қилиш ҳар бир йигитнинг бурчи, - дейди А. Эргашов. - Ҳарбий хизматчи эса бу масъулиятни икки карра ҳис этиши керак. Шу боис ёш аскарларга энг биринчи навбатда хизматни севишни ва ҳарбий либосини ҳурмат қилишини таъкидлайман. Ҳарбий, аввало, юрт тинчлиги, осойишталигининг посбони эканлигини эсдан чиқармаслиги зарурлигини тушунтиришга ҳаракат қиламан. Зеро, бу муқаддас бурчни шараф билан оқлаш халқнинг ишончига эришиш демакдир.

Сирасини айтганда, намунали хизмат ва эзгу иш куни келиб, албатта, рағбат топиши турган гап. III даражали сержант Асқар Эргашов ўзининг ҳалол ва содиқ хизмати учун юксак мукофотга лойиқ ана шундай ҳарбий хизматчилардан биридир.

Азамат ПИРНИЯЗОВ, «На посту» мухбири.
Қорақалпоғистон Республикаси.

© 2006-2021. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага