14 март 2020 430

Чирчиқ шаҳрида ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган чиқишлар ва бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилди

13 март куни Тошкент вилояти ИИББ томонидан мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда, доимий иш билан банд бўлмаган аҳоли, айниқса ёшлар, таълим муассасаси битирувчилари ҳамда жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган фуқароларни иш билан таъминлаш орқали, ҳудудларда жиноятчиликнинг изчил олдини олишга қаратилган “Меҳнат ярмаркаси” ҳамда “Раҳбар ва ёшлар” учрашувлари бўлиб ўтди.

Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги, Бандликка кўмаклашиш маркази ҳамкорлигида доимий иш билан банд бўлмаган аҳоли ва ёшларни иш билан таъминлаш, ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиш, корхона, ташкилот ва муассасаларда мавжуд бўш ўринларга уларни ишга жойлаштириш юзасидан “Бўш иш ўринлари” ярмаркаси ташкил этилди.

Ярмаркада, шаҳарда фаолият юритаётган 50 дан ортиқ турли корхона, ташкилот ва муассасалар 2 минг 500 дан ортиқ бўш иш ўринлари билан қатнашди.

Шунингдек, тадбирнинг иккинчи қисмида вилоят Ички ишлар бош бошқармаси, шаҳар ҳокими, шаҳар прокурори, Ҳарбий горнизон, Чирчиқ олий танк командир-муҳандислик билим юрти раҳбарлари ҳамда Олий ўқув юртларининг ректорлари ёшлар билан учрашув ўтказди.

Учрашувда аҳолининг барча қатламлари, айниқса, ёшларда ҳуқуқбузарликка нисбатан муросасизлик муносабатини шакллантириш, фақат жазо қўллаш билан эмас, аввало, уларни қонунга итоаткорлик руҳида тарбиялаш вазифаси бирламчи этиб белгиланиб, ёшларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди.

Тадбир сўнгида Ички ишлар бош бошқармаси томонидан махсус техник воситаларининг кўргазмали чиқишлари ҳамда шаҳар Маданият бўлими томонидан концерт намойиши бўлиб ўтди.

Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати

© 2006-2020. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага