28 август 2020 156

Чўлпон ҳайкали – адабиётимизга юксак эътибор намунаси

Кейинги йилларда миллий маънавиятимизни юксалтириш, хусусан, адабиётимизга катта эътибор қаратилмоқда. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонида бўлиб ўтган учрашув чоғида ҳозирги мураккаб замонда одамлар қалбига йўл топиш, уларни эзгу мақсадларга илҳомлантиришда адабиётнинг таъсирчан кучидан фойдаланиш кераклигини алоҳида таъкидлаган эди. 

Ўзбек адабиётининг атоқли вакили Абдулҳамид Сулаймонқул ўғли Чўлпон мураккаб даврда ижод майдонига кириб келди. У мустабид тузум сиёсатига қарши маърифат билан курашди. Ўзининг оташин шеърлари, ўткир мақолаларида ҳақиқат ва ҳурлик, истибдод ва зулмни куюнчаклик билан қаламга олди.  Мазлум халқни қолоқлик, жаҳолат ботқоғидан олиб чиқишга интилди. Миллатининг тақдири учун ёниб яшаган маърифатпарвар шоир алал-оқибат қатағон қурбони бўлди. 

Юртимиз мустақиллик эришгач, истиқлол йўлида жон фидо қилган аждодларимиз қатори Чўлпоннинг ҳаёти ва ижоди ҳам кенг ўрганила бошланди. Шеърий тўпламлари, асарлари қайтадан нашр қилиниб, таваллудининг юз йиллиги мамлакатимиз бўйлаб кенг нишонланди. У туғилиб ўсган Андижон шаҳрида шоир номи билан аталувчи боғ, ҳайкал ва музей барпо этилди. Муҳими, адибнинг ёрқин хотирасини абадийлаштириш борасида амалга оширилаётган эзгу саъй-ҳаракатлар тўхтаб қолгани йўқ. Пойтахтимизда Адиблар хиёбони бунёд этилиб, адабиётимиз ривожига муносиб ҳисса қўшган ёзувчи ва шоирларнинг ижодини чуқур ўрганишга улкан эътибор қаратилаётгани фикримизга ёрқин мисол бўла олади.

Бу борада Ички ишлар вазирлиги академиясида яна бир хайрли ташаббусга қўл урилди. Эндиликда таълим муассасасида Чўлпон музейи билан бирга, шоирнинг бюсти ҳам қад ростлади. Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда адабиётшунос олимлар, тадқиқотчилар ва курсантлар иштирок этди.   

Чўлпоннинг ҳаёти ва ижоди ғоят мураккаб даврга тўғри келди, – дейди Академиянинг Тилларни ўрганиш кафедраси доценти, подполковник Абдуваҳоб Холиқов. –  У ҳам шоир, ҳам носир, моҳир драматург ва таржимон сифатида баракали ижод қилди. Адибнинг ҳар бир асарида миллат дарди, миллий уйғониш, эрк ва озодлик ғоялари уфуриб туради. “Адабиёт яшаса – миллат яшар” деган эди у. Бугун миллий адабиётимизга берилаётган юксак эътибор замирида ҳам бой адабий меросимизни ўрганиш орқали маънавий баркамол авлодни тарбиялашдек эзгу мақсад мужассам.

Тадбирда сўз олганлар шоир бюсти қошида адабий кечалар, маърифат дарслари, ижодкор курсантларнинг шеърий тўпламлари  тақдимотини ўтказиш, ҳарбийлаштирилган олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда мушоиралар ташкил этиш борасида хайрли ташаббусларни илгари сурдилар. Чўлпон шеърлари иқтидорли курсантлар томонидан маҳорат билан ижро этилди.

ИИВ Академияси Матбуот хизмати

© 2006-2020. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага