18 октябр 2020 109

Даҳолар сен билан дунёга боққан

Ҳар бир миллат, халқ ўз она тили билан фахрланади. Хорижлик меҳмоннинг чин ўзбекона лутфда сўзлаганини эшитсак борми, юрагимиз тўлиб, мағрурланиб кетамиз. Чунки тил нафақат муомала воситаси, балки миллатнинг маънавий руҳини намоён этувчи қудратли кучдир.

Жаҳонда тиллар кўп. Лекин улар орасида ўзбек тилининг қадр-қиммати биз учун ўзгача. Она тилимиз билан ҳар қанча фахрлансак ҳам, шунча оз. Чунки шу тил орқали биз Она алласини, оила, Ватан ва бутун борлиқни англаймиз. Илму маърифатли бўламиз. Демак, инсон камолотида она тилининг ўрни беқиёс.   

Тилга эътибор масаласи юртимиз ҳали ўз истиқлолини қўлга киритмаган даврдаёқ бошланган эди. Ўшанда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиб, миллий мустақилликка эришиш йўлида дадил қадам ташланганди. Кўп ўтмай, халқимизнинг тарихий орзуси ушалиб, давлат тилимиз жаҳон ҳамжамиятидан мустаҳкам ўрин олди. У миллий мустақиллигимиз ва ғуруримиз тимсолига айланди.

Бугунги кунда ўзбек тилининг ҳаётимиздаги ўрнини янада юксалтириш борасида кўп ишлар қилиняпти. Айниқса давлатимиз раҳбарининг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони она тилимизга бўлган чуқур эътибор ва эҳтиромнинг амалий ифодаси бўлди. Мазкур фармон билан 21 октябрь санаси Ўзбек тили байрами куни сифатида белгиланди.

Бу йил Ўзбек тили байрами “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” шиори остида мамлакатимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда. Таълим муассасамизда ўтказилган тадбир ҳам она тилимизнинг боқий қудратига бағишланди. Унда тилшунос олимлар, адабиёт намояндалари, профессор-ўқитувчилар ва курсант ёшларимиз иштирок этди.

Тадбир аввалида буюк аждодларимиз – ҳазрат Алишер Навоий ҳамда Абдулҳамид Чўлпоннинг барҳаёт хотираларига атаб бунёд этилган ёргорлик бюсти пойига гул қўйилди. Шундан сўнг меҳмонлар “Тилини асраган – элини асрайди!” мавзуидаги анжуманда чиқиш қилишди. Ўзбек тилининг тарихи, мустақиллик йиллари тилга эътибор масалалари, тилшуносликка оид тадқиқотлар, миллий юксалишда давлат тилининг аҳамияти ҳақидаги мулоҳазалар барчада қизиқиш уйғотди.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз ҳаётида кечаётган маънавий-маърифий янгиланишлар, энг аввало, ёшлар тарбияси, уларнинг билим олиб, касб-ҳунар эгаллаши, юртимизнинг эртанги куни учун муносиб инсонлар бўлиб вояга етишишига қаратилган. Униб-ўсиб келаётган ўғил-қизларнинг она Ватанимизга бўлган дахлдорлигини юксалтиришда ўзбек тилининг аҳамияти ва мавқеи беқиёс ўрин тутади. Президентимизнинг бу борада қабул қилган муҳим фармонлари миллий ғуруримизни юксалтириш баробарида, ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақомини бундан-да мустаҳкамлашга хизмат қилиши, шубҳасиз.    

Ражаббой ОТАЖОНОВ,

ИИВ Академияси бошлиғининг ўринбосари, подполковник

© 2006-2020. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага