23 сентябр 2020 401

Фуқароликни бериш ва доимий рўйхатга қўйиш тартиби қай тарзда амалга оширилади? Бунинг учун қандай ҳуқуқий асос ва ҳужжатлар талаб қилинади?

— Аввало, янги қонундаги энг асосий янгиликлардан бири сифатида 1995 йил 1 январьга қадар Ўзбекистонга кириб келган ва доимий яшаш учун рўйхатдан ўтган, чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган ҳамда мазкур қонун кучга киргунига қадар фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон фуқароси, деб тан олинишини айтиш мумкин. Юртимизда яшаб келаётган фуқаролиги бўлмаган 95 минг 857 шахсдан 49 минг 228 нафари 1995 йилнинг 1 январига қадар доимий рўйхатдан ўтган. Янги қонун билан эса қолган 50 мингга яқин юртдошимизнинг фуқаролик билан боғлиқ муаммоси ҳал этилиши учун яхши имконият пайдо бўлди.

2016 йилга қадар 482 нафар фуқаролиги бўлмаган шахсга фуқаролик берилган бўлса, 2016 йил декабрь ойидан буён Президентимиз фармони билан 16 мингдан ортиқ юртдошимиз Ўзбекистон фуқаролигига эга бўлди. Тошкент шаҳрида 68 минг 649, Тошкент вилоятида 23 минг 623 фуқаромиз доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинди.

Янги қонун билан фуқароликни бериш, доимий рўйхатга қўйиш тизимидаги ўзгаришлар, бунинг учун талаб этиладиган ҳуқуқий асос ва зарур ҳужжатлар, қайси идорага ва қай тартибда мурожаат қилиш масаласи бугун кўпчиликни қизиқтираётгани табиий.

Фуқароликка қабул қилиш учун Ўзбекистонда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар доимий истиқомат жойларидаги ички ишлар органлари орқали мамлакат Президенти номига фуқароликка қабул қилиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилади.

Икки нусхадаги ариза-сўровномага хорижий фуқароликдан чиққанлик тўғрисида гувоҳлик берувчи ҳужжат (фуқаролиги бўлмаган шахслардан ташқари), икки нусхада таржимаи ҳол, кун кечиришнинг қонуний манбалари мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжат (иш жойидан маълумотнома ёки иш ҳақи, пенсия, нафақа, дивидендлар ва кун кечиришнинг бошқа манбалари кўрсатилган бошқа ҳужжат), тўртта фотосурат, оиласининг таркиби тўғрисида иш жойидан икки нусхада маълумотнома, давлат божи тўланганлиги ёки уни тўлашдан озод қилинганлиги ҳақидаги ҳужжат илова қилинади.

Чет элда доимий яшовчи шахслар эса Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилиш юзасидан ўзлари яшаб турган мамлакатдаги дипломатия ва консуллик муассасаларимиз орқали Ўзбекистон Президенти номига ариза ва тегишли ҳужжатлар билан мурожаат этадилар.

Ўзбекистон фуқароларига яшаш жойи бўйича доимий рўйхатни расмийлаштиришда паспорт, уй дафтари ёки хонадон карточкасига рўйхатга олиш штампини босиш амалиётидан воз кечилиб, доимий рўйхатга эга бўлиш ҳолати рақамлаштирилди.

Электрон доимий рўйхатга олинишни расмийлаштиришда аввалги яшаш жойидан рўйхатдан чиқиш механизми бекор қилинди. Шунингдек, ҳарбий хизматга мажбурларнинг доимий рўйхатни расмийлаштиришдан олдин мудофаа ишлари бўлимларига ҳарбий ҳисобдан чиқиш ва ҳарбий ҳисобга туриш учун бориш тартиби бекор қилиниб, ушбу жараённи идоралараро электрон маълумот алмашинуви дастури орқали амалга ошириш йўлга қўйилди.

Масалан, фуқаро Сурхондарё вилояти Денов туманида доимий рўйхатга эга бўлса, Тошкент шаҳрининг қайсидир туманига рўйхатга қўйиш учун аввалги манзилига яна қайтиб бориб, ҳарбий ҳисобдан ва доимий рўйхатдан чиқиши шарт эмас. Бу жараён янги манзилга рўйхатга қўйиш учун мурожаат этган миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси томонидан идоралараро электрон маълумот алмашинуви тизими орқали автоматик тарзда амалга оширади.

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни ички ишлар органларининг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизматлари томонидан доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш ва рўйхатдан чиқариш тартиблари ҳам соддалаштирилди.

Жумладан, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга қўйганлик ҳамда бошқа кўрсатилган хизматлар учун ундирилган давлат божи биллинг тизими орқали амалга оширилмоқда. Эслатиб ўтамиз, шу вақтгача қонунчиликда давлат божи тўланганлиги ҳақидаги квитанцияни тақдим этиш тартиби мавжуд эди.

Бошқа давлатлардан келган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олишни расмийлаштиришда штамп босиш амалиётидан воз кечиб, ўрнига QRCODE билан ҳимояланган қайд варағини бериш ҳамда вақтинча рўйхатга олиш электрон тизими яратилди.

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олишни расмийлаштиришда Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизматларига бориш мажбурияти бекор қилинди. Бунга қадар уй эгаси билан чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс ҳам келиши керак эди. Шунингдек, уларни доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш ва рўйхатдан чиқариш жараёнлари рақамлаштирилди. Бунда чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар тегишли ҳужжатларни қоғоз шаклида йиғиб келиб тақдим этиши шарт бўлмайди.

Республиканинг бошқа минтақаларида доимий яшовчи ҳамда яшаш гувоҳномасига эга чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни вилоятларда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби соддалаштирилди. Энди доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш учун мурожаат этган фуқаро тасдиқланган рўйхатга тушмаган бўлсада, фақат уй эгасининг розилиги етарли бўлади Шу вақтгача қонунчиликда фақатгина доимий рўйхатга олиниши лозим бўлган шахсларнинг тасдиқланган рўйхатига киритилган фуқароларгина доимий яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтиши мумкин эди.

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни доимий рўйхатдан ўтказишда унинг туғилганлик ҳақидаги, никоҳ тузилганлиги ҳақидаги, ўлим ҳақидаги гувоҳномаларни (агар ушбу гувоҳномалар Ўзбекистонда берилган бўлса) ҳамда кадастр ҳужжатларини талаб қилиш тартиби ҳам бекор қилинди.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатда амалга жорий этилган фуқаролик масалаларига оид янги тизим янгиланаётган Ўзбекистоннинг халқаро имижини янада юксалтириш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, юртдошларимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши йўлидаги муҳим ислоҳотлардан яна бири бўлди.

Улуғбек МУҲАМЕДОВ,

Ички ишлар вазирлигининг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошлиғи

© 2006-2021. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага