22 сентябр 2020 76

Ҳамон эзгу ишга камарбаста

Ўқитувчилар хонасига кириб келган Нозим Махамматов ички ишлар органлари ходими формаси ярашиб турган собиқ ҳамкасби Эргаш Жияналиевни кўриб, қувониб кетди. Бир-бирлари билан қучоқлашиб кўришар эканлар Эргаш одатига кўра: "Қалайсиз, Нозим муаллим", деди. Бир зумда уларнинг суҳбати қизиди.

Эътибор қилса, яқинда Фориш тумани ички ишлар бўлимига хизматга ўтган Эргаш Жияналиев анча ўзгарибди. Сўзлари қатъий, формаси туфайлими виқорли кўринарди. Гап орасида Нозимни ҳам ички ишлар органлари сафига ўтишга таклиф қилди: "Билимли ва ташкилотчисан, соҳага шундай одамлар керак, ўйлаб кўр".

Бу гаплар унинг хаёлидан кетмай қолди. Ўрмон хўжалигида ишловчи отасига ниятини маълум қилганида: "Ўғлим эплай олсанг, ҳалолинг бўлсин, одамларнинг тинчини асраш улуғ иш", деганича қўлини дуога очди.

Шундай қилиб, Жиззах вилоятининг Фориш туманидаги Илончи қишлоғида туғилиб ўсган Нозим Махамматов 1977 йилда вилоят ички ишлар бошқармасига ҳужжатларини топширди. Хизматга қабул қилишаётганида унинг Самарқанд давлат университетида ҳарбий кафедрада сабоқ олгани, мактабда ёшларни ҳарбий хизматга тайёрлаш фанидан дарс ўтгани ҳамда ўқув ишлари мудири бўлиб ишлагани инобатга олинди. Нозим Махамматов соҳадаги фаолиятини Жиззах вилояти ИИБ кадрлар бўлимида инспекторликдан бошлади. Кўп ўтмай айни бўлимнинг катта инспектори бўлди, погонларини эса катта лейтенант юлдузлари безади.

Ҳалол, масъулиятли, ҳар бир ишни виждонан бажарадиган, ташкилотчи Нозим Махамматов 1982 йилда кадрлар бўлими бошлиғи ўринбосари лавозимига тайинланди. Шу йили Тошкент олий милиция мактабига сиртдан ўқишга кирди. Ўқув юртини тамомлагач, унга Ғаллаорол тумани ИИБ давлат мулкининг талон-тарож қилинишига қарши курашиш бўлими раҳбарлиги ишониб топширилди.

Ички ишлар органларидаги хизмати Нозим Махамматовни чиниқтирди, малакасини оширди, иродали ва интизомли ходимга айлантирди. Шунингдек, жамоат хавфсизлигини таъминлашни ўз тақдири деб биладиган инсонларни бошқаришни ўрганди. Тажрибаси ошгани сайин масъулиятли вазифаларни бажаришига тўғри келарди.

Чунончи, Жиззах вилояти ИИБ кадрлар бўлими бошлиғи, Жиззах вилояти ИИБ жамоат тартибини сақлаш бўлими бошлиғи, Бахмал тумани ички ишлар бўлими бошлиғи, Жиззах вилояти ИИБ ЙҲХБ бошлиғининг шахсий таркиб билан ишлаш бўйича ўринбосари лавозимларида фаолият кўрсатди.

У 2001 йилда Жиззах вилояти ИИБ шахсий таркиб билан ишлаш хизмати бошлиғининг ўринбосарлигига тайинланди. 2007 йилда айни шу лавозимдан, полковник унвонида истеъфога чиқди.

Шу билан Нозим Махамматов фахрий сифатида набираларига овуниб, кексалик гаштини суриши ёхуд қайсидир касб ёки эрмакнинг бошини тутиши мумкин эди. Аммо ҳаётини соҳадан айро ҳис қила олмади, узилиб кетмади. Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасига тез-тез келиб турар, ёш ходимлар билан тажрибасини ўртоқлашарди.

Шу боис 2008 йилда Жиззах вилояти ИИБ фахрийлар кенгашига раис сайланиши керак бўлганида раҳбарият томонидан Нозим Махамматов номзоди кўрсатилди. Мазкур таклифни фахрийлар бирдек қўллаб-қувватлашди. Мақоламиз қаҳрамони бу вазифани 2019 йилгача бажарди. У айни вақтда Жиззах вилояти ИИБ бошлиғининг маслаҳатчиси.

Нозим Махамматов ажойиб раҳбар, ташкилотчи инсон, у қайси бўлимга раҳбарлик қилган бўлса, ўша жойда хизмат интизоми ва қонунийлик устувор омилга айланарди, - дейди Жиззах вилояти ИИБ фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги полковник Ботир Муродов. - У бошчилик қилаётган шахсий таркибнинг асосий эътибори фуқароларнинг ариза ва шикоятларига қаратилар эди. Табиийки, шунга мос равишда жиноятчиликка қарши курашга оид кўрсатгичлар яхшиланарди. Нозим Махамматов ишлайдиган одамни эъзозлайди, унинг ўткир нигоҳидан ходим хизматидаги озгина ўзгариш ёки оилавий шароити четда қолмасди ва тегишли ёрдам кўрсатиларди. Шу сабабли уни ҳамма бирдек ҳурмат қилади, кўпчилик ўзига устоз, деб билади.

Нозим Махамматов Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси тарихи музейи ташкил этилишига ҳам катта ҳисса қўшган. Тизим фаолиятига оид ҳужжатлар, фотосуратлар, орден ва медаллар, қурол-яроғ каби 1500 дан ошиқ экспонатларга эга музей ёш ходимлар, фахрийлар ҳамда ИИВ Жиззах академик лицейи ўқувчиларининг севимли гўшаларидан бирига айланган.   

Айтганча, Нозим Махамматовнинг фарзандларидан бири Ўткир Махамматов ота изидан борди. У соҳада самарали фаолият кўрсатиб, подполковник унвонида истеъфога чиққан. Нозим бобо набиралари орасидан ҳам ички ишлар органлари ходимлари етишиб чиқишига ишонади.

Бугун ички ишлар органлари тизимида улкан ўзгаришлар юз бераётганлигига гувоҳ бўлиб турибмиз, - дейди Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғининг маслаҳатчиси, истеъфодаги полковник Нозим Махамматов. - Соҳа вакилларининг жиноятчиликка қарши курашиш билан бирдек қонунбузарликларнинг олдини олиш борасидаги масъулиятининг ортганлиги хизматга ёндашувни ўзгартиришни тақозо этмоқда. Шу маънода, Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генарал-майор Ғайрат Қодиров ва бошқа масъуллар билан ҳамкорликда хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлашга қаратилган тадбирлар мунтазам ўтказилаяпти.

Шахсий таркибнинг интеллектуал, жисмоний ва жанговар салоҳиятини ошириш, тизим моддий-техника базасини кучайтириш борасида ҳам ҳавас қилгудек ишлар қилинмоқда. Қолаверса, соҳа ходимлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоялаш, хусусан турар жой билан таъминлаш, фарзандларини олий ўқув муассасаларида ўқитиш борасида ҳавас қилгулик тадбирлар амалга оширилаяпти. Худди шундай, соҳа фахрийлари ва хизмат даврида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзоларидан доимий равишда хабар олинаётир. Чунончи, пандемия шароитида 60 нафардан ортиқ фахрийлар эътиборимизда бўлди.

Хулоса қиладиган бўлсак, истеъфодаги полковник Нозим Махамматов ҳали ҳам сафда, элнинг осойишталигини сақлашдек эзгу ишга муносиб ҳиссасини қўшмоқда.   

Жиззах вилояти ИИБ Ахборот хизмати

© 2006-2020. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага