8 май 2020 317

Ҳудудлар иқтисодиётини ривожлантиришнинг муҳим йўналишлари кўрсатиб ўтилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 7 май куни Андижон, Навоий ҳамда Сурхондарё вилоятлари туман ва шаҳарларининг иқтисодий салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудуди ўзига хос. Бир вилоят ичидаги туманларнинг имкониятлари ҳам бир-бирига ўхшамайди. Шу боис Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар иқтисодиётини ривожлантириш масалалари алоҳида, манзилли тарзда муҳокама қилиб борилмоқда.

Давлатимиз раҳбари жойларга чиқиб, аҳоли билан гаплашиб, белгиланаётган чора-тадбирларнинг долзарб ва амалий бўлишига катта эътибор қаратмоқда. 

– Шунча саъй-ҳаракатларимиз, қабул қилаётган қарорларимиз қишлоқдаги оддий одамлар ҳаётига нима ўзгариш олиб кираяпти, даромади кўпайдими, ишга жойлашдими, боласи ўқишга кирдими, уйли-жойли бўлдими, тўйиб овқатланаяптими, тоза сув ичяптими, деган саволлар мени жуда қийнайди. Бу барча даражадаги раҳбарлар халқимиз олдида жавоб бериши керак бўлган энг асосий саволлардир, – деди Президент.

Марказдаги раҳбарлар қарорлар қабул қилишда ҳокимларнинг умумий ҳисоботлари билан кифояланиб қолаётгани танқид қилиниб, бундан буён ҳудудларга оид ҳар бир масалани аниқ туман, қишлоқ, маҳалла, соҳа ва корхона кесимида, муаммонинг энг қуйидаги илдизигача тушиб, уни ҳал қилиш зарурлиги таъкидланди. Дастурлар ишлаб чиқишни ҳар бир қишлоқдан бошлаш, қайси қишлоқда қайси йўналишни ривожлантириш, бунга қанча маблағ ажратиш кераклигини аниқ кўрсатиш талаби қўйилди.

Масалан, Сурхондарёда 55 мингта, Андижонда 41 мингта, Навоий вилоятида 14 мингта оилани камбағалликдан чиқариш лозим. Кичик корхоналарни кўпайтириш, ҳунармандчиликни қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш орқали аҳоли фаровонлигини ошириш зарур.

Йиғилишда бунинг учун учта йўналишдаги ишларга қўшимча туртки  бериш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Биринчи йўналиш – саноатни ривожлантириш, мавжуд хомашёни чуқур қайта ишлаш, ҳар бир туман, қишлоқ ва маҳаллани ихтисослаштириш. 

Андижон, Навоий ва Сурхондарё вилоятларида ишлаб чиқаришнинг асосий қисми битта тармоққа ёки республика тасарруфидаги корхоналар ҳиссасига тўғри келади.

Жумладан, Андижонда саноат ишлаб чиқаришнинг 69 фоизини машинасозлик, Навоийда эса 72,5 фоизини кон-металлургия ташкил этади. Сурхондарё саноатининг мамлакатдаги улуши атиги 1,5 фоиз, ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши эса атиги 8 фоиз бўлиб, республикада энг паст кўрсаткичлардан биридир.

Йиғилишда ушбу ҳудудларда саноат тармоқларини диверсификация қилиш учун барча имкониятлар борлиги таъкидланиб, бу борадаги чора-тадбирлар белгиланди.

Хусусан, Андижон вилояти Хўжаобод туманида ташаббускорларга 32 та тикув-трикотаж корхонаси учун жой ажратиш бўйича кўрсатма берилди. Бу корхоналарда 6,5 мингта иш ўрни яратилади.

Булоқбоши тумани тоғ ҳудудидаги конларни ўзлаштириб, қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, Олтинкўл тумани “Ижтимоят” маҳалласида мебель тайёрлашни саноат даражасига олиб чиқиш мумкинлиги қайд этилди.

Асака туманидаги автомобиль заводи яқинида, унумдорлиги паст ерларда кичик саноат зонаси ташкил этиб, бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича топшириқ берилди.

Навоий вилояти Нурота туманидаги “Сувлиқ Гранит” конининг электр тармоғини реконструкция қилиш орқали “Истиқлол” маҳалласидаги 450 нафар аҳолини иш билан таъминлаш мумкин. Томди туманида фосфорит, шиша, цемент, пардозбоп қурилиш тошлари ва оҳактош захиралари мавжуд. Учқудуқ туманида қайта геологик ўрганишлар ўтказилса, яна кўп имкониятлар очилади.

Сурхондарё вилояти Шеробод туманида гиламдўз ҳунармандлар бор. Бандихон туманида эса гилам учун зарур хомашё – қўй ва эчки  жуни кўп. Мазкур қўшни туманлар ўртасида кооперацияни йўлга қўйиш орқали йилига 85 тонна жун ва терини қайта ишлаш мумкин.

Олтинсой туманида электр таъминоти яхши эмаслиги сабабли йилига етиштирилаётган 80 минг тонна узум ва 13 минг тонна ғаллани қайта ишлаш имкони чекланмоқда. Шунингдек, у ерда қурилишда талаб бўлган 10 миллион тонна пардозбоп тош захираси мавжуд.

Давлатимиз раҳбари шу каби кўплаб имкониятларни кўрсатиб ўтиб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига вилоят ҳокимлари билан бирга Андижон, Навоий ва Сурхондарёда 33 гектар ер ва 5,3 минг квадрат метрли бўш биноларда 10 та янги кичик саноат зонаси ташкил этиш вазифаси қўйилди.

Иккинчи йўналиш – жойларда инвестицион ва туристик салоҳиятни ошириш, сервис хизматларини яхшилаш учун инфратузилма объектларини ривожлантириш.

Йиғилишда Андижон, Навоий ва Сурхондарё вилоятларида бу борадаги ҳолат туманлар кесимида таҳлил қилинди.

Мисол учун, Хонобод шаҳрининг хизмат кўрсатиш бўйича Андижон вилоятидаги улуши бор-йўғи 1 фоизни ташкил этади. Аслида у ердаги ерости маъданли сувларини ўзлаштириш орқали соғломлаштириш туризмини йўлга қўйиш, шифобахш сув ишлаб чиқариш имконияти бор.

Навоий вилояти Қизилтепа туманидаги Тўдакўл сув омбори ҳамда Навбаҳор туманидаги “Сармишсой” ҳудудига олиб борувчи йўлларни таъмирлаш ва туристик зоналар ташкил этиш орқали уларга сайёҳлар оқимини бир неча баробар кўпайтириш мумкин.

Сурхондарё вилояти Олтинсой туманида бирорта бозор йўқ. Бундан ташқари, туман ҳудудидан ўтган “Мангузар-Термиз-Денов” автомобиль йўлида замонавий савдо ва хизмат кўрсатиш марказларини ташкил этса бўлади.

Йиғилишда хизмат кўрсатишнинг шу каби барча захираларини ҳисоб-китоб қилиб, уларни ишга туширишга тадбиркорларни жалб этиш бўйича топшириқлар берилди.

Учинчи йўналиш – қишлоқ хўжалигида маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва шу орқали иқтисодий ўсишни таъминлаш.

Андижон тумани “Миробод” маҳалласи аҳолиси қалампир экиб, йилига 2 минг тоннагача ҳосил олмоқа. Бундан ташқари, бошқа ҳудудлардан йилига 3-4 минг тонна сотиб олиб, қайта ишлайди. Избоскан тумани “Юқори Чувама” маҳалласидаги мингта хонадонда тоғ ёнғоғи ва ерёнғоқ етиштирилади.

Ушбу омилкор одамларга қўшимча ер ажратиш орқали маҳсулотларни қайта ишлаш ва иш ўринларини кўпайтириш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.

Навоий вилоятида 8 миллион гектардан ортиқ яйлов ерлари бўлиб, чорвачиликни, айниқса, қўй ва эчкичиликни ривожлантириш учун катта имконият мавжуд. Бунинг учун қудуқлар қазиб, янги чорва хўжаликлари ташкил этиш зарур. Натижада 500 дан ортиқ киши меҳнат билан банд бўлади. Қайд этилганидек, бу чорвачилик лойиҳалари намуна сифатида амалга оширилиб, Навоий тажрибаси яратилади.

Сурхондарё вилоятининг табиий иқлим шароити бошқа ҳудудлардан фарқ қилиб, воҳада икки-уч марта ҳосил олиш, иссиқсевар ўсимликлар етиштириш имконияти мавжуд.

Мисол учун, Шеробод тумани анорларига талаб юқори. Лекин, анорзорлар атиги 32 гектарни – тумандаги экин майдонларининг 0,1 фоизини ташкил қилади. Ҳосилдорлиги паст пахта ва ғалла майдонлари ўрнида анор плантациялари барпо этилса, 10 баробар кўп даромад олиш, 30-40 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш мумкин.

Музработ туманида 2 минг, Қумқўрғон туманида 1,2 минг гектар фойдаланишдан чиққан ерларни ўзлаштириб, банд бўлмаган аҳолига бўлиб бериш ва эртаки маҳсулотлар етиштиришни кўпайтириш кераклиги таъкидланди. Бунинг натижасида қарийб 4 мингта янги иш ўрни яратилади.

Йиғилишда асосий ва боғ-ток қатор ораларига экин экиш, қишлоқ хўжалиги маҳмулотларини кўпайтириб, нарх-наво барқарорлигини таъминлаш масалаларига яна бир бор тўхталиб ўтилди.

– Ҳар бир раҳбар ўз иш услубини ўзгартириб, оддий одамларнинг имконияти ва кўникмаларини инобатга олиб, амалий лойиҳалар қилинсагина тезроқ натижа бўлади. Қишлоқда, маҳаллада ўзгариш бўлса, иқтисодиёт ҳам ривожланади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Видеоселектор йиғилишида Андижон, Навоий ва Сурхондарё вилоятлари ҳокимлари, тармоқлар раҳбарлари ҳисобот берди.

© 2006-2020. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech
Тепага