8 апрел 2021 589

Ички ишлар вазири бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилган ўрганишлар якуни бўйича кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 12 февраль куни Ички ишлар вазирлиги Ҳайъатининг кенгайтирилган мажлисида берган топшириқларининг ижросини таъминлаш масалалари юзасидан Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан жорий йилнинг 1-7 апрель кунлари Қорақалпоғистон Республикасида жиноятчиликка қарши курашни "маҳаллабай" ташкил этиш, жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасида барча туман-шаҳарларда амалга оширилаётган ишлар бўйича ўрганишлар олиб борилди.

Хусусан, ўрганишлар жараёнида шаҳар ва туманларга чиқилиб, ҳудудлардаги криминоген вазият, аҳолининг турмуш даражаси, сектор раҳбарларига бириктирилган мактабларда амалга оширилаётган ишлар ва уларнинг жорий ҳолатлари билан танишилди ҳамда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида сектор раҳбарларининг фаолияти кўриб чиқилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши мажлислар залида ўрганишлар якунига бағишланган кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант П. Бобожонов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Қ. Сариев, республика ва шаҳар-туман сектор раҳбарлари, жумладан, ички ишлар, прокуратура, суд, солиқ, шунингдек, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси учун масъул бўлган барча давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, шаҳар-туман ҳокимлари ўринбосарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, профилактика инспекторлари  иштирок этишди.

 Йиғилишда 2020 йил давомида ва жорий йилнинг ўтган даврида, Қорақалпоғистон Республикасида жиноятчиликка қарши кураш ва ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш борасидаги ҳамкорликда амалга оширилган чора-тадбирлар самарадорлиги муҳокама этилиб, аҳоли тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ва фуқароларнинг мол-мулкларини ишончли муҳофазалаш, ёшлар иштирокидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар танқидий таҳлил қилинди.

Хусусан, Қорақалпоғистонда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасида қуйидаги ишлар амалга оширилган. Криминоген оғир 54 та маҳаллаларга Миллий гвардия ходимлари бириктирилиб, профилактика инспекторлари билан ҳамкорликдаги хизмати йўлга қўйилган, жамоат жойлари ва маиший хизмат кўрсатиш объектларига ўрнатилган 266 та видеокамера “Ситуацион марказ”га уланган.

Шунингдек, йиғилишда Қорақалпоғистонда оғир криминоген вазият ва унга таъсир қилувчи омиллар кўлами таҳлил қилинди. Таъкидлаб ўтилганидек,  2020 йилда қайд этилган жиноятларнинг 41,5 фоизини олди олиниши лозим бўлган жиноятлар ташкил этиб, аксарияти Нукус шаҳри, Тўрткўл, Хўжайли ва Беруний туманлари ҳиссасига тўғри келган. 2021 йилнинг 3 ойида эса ҳудудда қайд этилган жиноятларнинг 33,8 % олди олиниши мумкин бўлган жиноятлар ташкил этган.

Йиғилишда ўтган давр мобайнида жиноятчиликнинг ошишига йўл қўйган шаҳар ва туманларнинг тўртта сектор раҳбарларининг ҳисоботлари тингланиб, камчиликларни тузатиш юзасидан тегишли топшириқ ва тавсиялар берилди. Шу билан бирга, ўрганишлар якуни бўйича жиноят ёки ҳуқуқбузарликлар келтириб чиқариши мумкин бўлган маиший низолар ва омилларни аниқлаб, бартараф этиш, шунингдек, “Темир дафтар”, “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарларига киритилган фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида етарли чора-тадбирлар белгиланмаганлиги юзасидан Нукус шаҳар, Қанликўл, Кегейли, Чимбой, Қўнғирот, Тахиатош, Беруний, Қораўзак ва Бўзатов туманлари ҳуқуқ-тартибот идораларининг фаолиятига жиддий эътирозлар билдирилди.

Ўз хизмат ҳудудида жиноятчиликни жиловлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш ва жамоат хавфсизлигини таъминлашда йўл қўйган жиддий камчиликлар учун 7 нафар ички ишлар органлари ходимлари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди ва 5 нафари интизомий жазога тортилди.

Шунингдек, ижтимоий-маиший ҳимояни таъминлаш борасида доимий яшаш жойидан олисда хизмат қилаётган 14 нафар профилактика инспекторлари ротация қилинди.

Хизмат фаолиятида ижобий натижаларга эришган, ўз хизмат вазифаларини намунали бажариб, атрофидаги ходимларга намуна бўлиб келаётган Қўнғирот тумани ИИБ хотин-қизлар масалалари бўйича инспектори, капитан Жулдыз Утениязовага “майор”, Кегейли тумани ИИБ профилактика инспектори, катта лейтенант Нурлан Кулекешов ва Қонликўл тумани ИИБ профилактика инспектори, катта лейтенант Р. Пиримбетовларга “капитан” махсус унвонлари рағбатлантириш тариқасида муддатидан олдин берилди. Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар органларида хизмат қилаётган  12 нафар ички ишлар органлари ходимлари вазирлик томонидан рағбатлантирилди.

Йиғилиш якунида келгусида Қорақалпоғистондаги криминоген вазиятни ижобий томонга ўзгартириш, маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлашни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш борасида йўл харитаси белгилаб олинди.

© 2006-2021. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага