25 январ 2020 3328

ИИБ ходимига пора беришга уринган шахс қўлга олинди

22 январь куни Сирдарё вилояти ИИБ ходими раҳбарият номига билдирги орқали мурожаат қилиб, унда 19 январь куни фуқаро Д.Б.нинг аризасига асосан ўтказилган тезкор-профилактик тадбир давомида фуқаро Ю.К. ўз яшаш хонадонида 70.000 сўм пул эвазига фуқаро Д.Б. билан жинсий алоқада бўлган вақтда ушлаганлигини ва пуллар далилий ашё сифатида олиниб, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 190-моддаси асосида маъмурий баённома расмийлаштирилиб, ҳужжатлар тўпланганлигини, шундан сўнг фуқаро Ю.К. унга маъмурий материални кўриб чиқмаслик, судга юбормаслик ҳамда ижобий ҳал қилиб бериш эвазига пора тариқасида пул таклиф қилаётганлигини маълум қилиб, фуқаро Ю.К.га нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

22 январь куни Ички ишлар вазирлиги Ўз хавфсизлик бошқармаси Сирдарё вилояти бўйича бўлими, вилоят ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси, Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ҳамда Сирдарё вилояти прокуратураси ходимларининг ҳамкорликдаги тезкор тадбирлари давомида 1994 йил 15 март куни Сирдарё вилояти, Гулистон шаҳрида туғилган, миллати ўзбек, маълумоти ўрта-махсус, вақтинча ишсиз, турмушга чиқмаган, муқаддам 2017 йил 21 февралда Жиноят кодексининг 223-модда 2-қисми “а” банди билан судланиб, амнистия актига асосан жавобгарликдан озод этилган, 2019 йил 17 мартда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 190-моддаси 2-қисмига асосан маъмурий жавобгарликка тортилган, Гулистон шаҳрида яшовчи Ю.К. билдирги ёзган ходимнинг хизмат хонасида 400.000 сўм пулларни пора тариқасида берган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан далилий ашё билан қўлга олинди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ИИВ Ўз хавфсизлик бошқармаси Сирдарё вилояти бўлими ходимлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, тўпланган ҳужжатлар қонуний қарор қабул қилиш учун Сирдарё вилояти прокуратурасига юбориш чоралари кўрилмоқда.

Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

© 2006-2021. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага