14 сентябр 2020 1136

Ижтимоий тармоқларда “Андижонда шифокор ИИБ ходими томонидан калтакланди” номли видеолавҳа юзасидан маълумот

Охирги кунларда ижтимоий тармоқларда 2020 йил 11 сентябрь куни “Андижонда шифокор ИИБ ходими томонидан калтакланди” сарлавҳаси остида видеолавҳа тарқалганини гувоҳи бўляпмиз.

Ушбу видеолавҳада ИИБ ходими навбатсиз текширувдан ўтишни ҳохлагани, натижада жанжал юзага келиб, у томонидан шифокор калтаклангани айтилган. 

Аслида шифохонада қандай ҳолат юз берган? 

Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизматининг берган маълумотига кўра, 2020 йил 29 август куни соат 13:30ларда туман ИИБ профилактика инспекторига Андижон тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли 3-сонли қишлоқ оилавий поликлиникада жанжал бўлганлиги ҳақида хабар келиб тушган.

Ҳолат ўрганилганда, аниқланишича, мазкур поликлиника умумий амалиёт шифокори фуқаро О.Ю., шу куни иш фаолиятини олиб бораётган вақтида, Андижон тумани Кенгаш МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро М.Ғ. жияни М.А.нинг соғлиғи ёмонлашганлиги учун уни тиббий кўрикка олиб келган,сўнгра ҳақиқатдан навбат талашиб, фуқаро ва шифокор ўртасида ўзаро келишмовчилик ва жанжал келиб чиққан. Шифокорнинг тушунтиришига кўра мазкур ҳолат юзасидан унда ҳеч кимга нисбатан даъвоси йўқ, келишмовчилик оқибатида тан жарохати олмаган.

Ўз навбатида, иккинчи томон М.Ғ. ҳам икки томонлама жанжал ўзаро тушунмовчилик натижасида келиб чиққанлигини, шифокордан кечирим сўраб, тартибсизлик қилганидан пушаймон эканлигини, хозирда шифокорга нисбатан эътирози йўқлигини, тан жарохати олмаганлигини баён қилган.

Томонлар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари ҳамда иш бўйича тўпланган материаллар ҳуқуқий баҳоланиб, ички ишлар органлари томонидан  жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган. 

Ички ишлар органлари ходимлари мазкур келишмовчиликда иштирок этишмаган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, ахборот тарқатувчи телевизион каналлар ва айрим ижтимоий тармоқлардан, жамоатчиликка эълон қилинаётган маълумотларни текшириб, холислигига ишонч хосил қилганидан сўнг аҳолига етказишларини сўраб қоламиз. 

Текширилмаган ва ёлғон ахборотни, шунингдек ички ишлар органлари ходимларини обрўсизлантиришга қаратилган маълумотларни тарқатиш қонунда белгиланган тартибда жавобгарликни келтириб чиқаришини унутмасликларини сўраб қоламиз.

ИИВ Ахборот хизмати

© 2006-2020. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага