12 июн 2021 138

Жалолиддин Мангуберди – мардлик ва жасорат тимсоли

Юрт озодлиги йўлида жонини фидо этган буюк аждодларимиз хотираси ҳамиша барҳаёт. Уларнинг Ватан тақдири йўлида кўрсатган улкан жасорати ва мардлиги чинакам ибратдир.

Республика Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда ўтказилган давра суҳбати миллатимиз қаҳрамони, жасур саркарда ва давлат арбоби Жалолиддин Мангубердининг тарихий хотирасига бағишланди. Унда таниқли адиблар, маънавият тарғиботчилари, Ички ишлар вазирлиги академияси профессор-ўқитувчилари ва курсантлар иштирок этди.

Сўзга чиққанлар бой тарихимиз ва миллий меросимизни тиклаш борасида амалга оширилаётган эзгу ишларга тўхталиб, улуғ аждодларимизнинг ибратли амаллари ёш авлодни юртга дахлдор, мард, ватанпарвар этиб камол топтириш, маънавий-ахлоқий фазилатларини юксалтиришнинг муҳим омили эканлигини алоҳида таъкидладилар.

Буюк бобомизнинг улкан жасоратини бир сўз билан ифодалаш қийин. У ўз юртини ҳимоя қилиш баробарида, душманга қарши мардонавор курашди, она Ватанимизнинг тинч-осуда ҳаёти учун жонини аямади. халқига бўлган чексиз меҳру муҳаббатини амалда намоён этиб, ўз номини тарих зарварақларига мангу муҳрлади. Биз, ёшлар миллатимиз қаҳрамонларининг ибратли ҳаётини чуқур ўрганиб, ҳамиша фахр-ифтихор туйғуларини туйишимиз шарт, – дейди ўқув даргоҳининг 2-босқич курсанти Сарвар Абдиев.  

Тадбирда ички ишлар органлари ёшларининг ҳарбий-ватанпарварлик туйғуларини юксалтириш мақсадида алоҳида концепция ишлаб чиқилгани, тизимдаги маънавий-маърифий ишлар “Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш — олий бурчимиз!” концептуал ғояси асосида ташкил этилаётгани айтилди.

ИИВ Академиясида “Ички ишлар органлари ходимининг муомала одоби ва эстетикаси”, “Ватанпарварлик тарбияси” ва “Касбий маданият” каби янги фанларнинг жорий қилинаётгани, “Буюк соҳибқирон Амир Темур” ҳамда “Турон қоплони Жалолиддин Мангуберди” синфхоналари ёш авлод қалбида миллий руҳ, она Ватанга меҳр ва садоқат, адолат туйғуларини яна кучайтириш, буюк аждодларимиздан фахрланиш ҳиссини шакллантиришга хизмат қилиши эътироф этилди.

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

© 2006-2021. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага