7 апрел 2020 1230

Навоий ИИБ: Карантинда уйда қолиб, “коронавирус” хавфидан қутилган, бироқ интернет тармоғи орқали ёт ғояларга “тутилган” шахсларга қандай жазо кўрилди

Навоий вилояти ИИБ ТваЭҚКБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор саъй-ҳаракатлар натижасига кўра, 1988 йил Навоий шаҳрида туғилган, миллати ўзбек, маълумоти ўрта-махсус, оилали 2 нафар фарзанди бор, Навоий шаҳри, “Хончарбоғ” МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро Й.Ш. шахсий телефон аппарати орқали интернет жаҳон ижтимоий тармоғининг “Odnoklassniki.ru” саҳифасида исм-шарифини ўзгартирган тартибда профил очиб, турли хил диний сайтларларга кирганлиги аниқланган. Й.Ш. ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрлаш, тарқатиш ва хориждан олиб кириш таъқиқланган, “Катибатуль имом ал-Бухарий” террористик ташкилотининг ғоявий раҳномаларидан ҳисобланган “Абдуллоҳ Бухорий”га тегишли бўлган маърузаларни юклаб, уларни виртуал дўстларига тарқатган ҳолда, диний тарғибот-ташвиқот ишларини ҳам амалга оширган. Мазкур ҳолат юзасидан Й.Ш.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244-моддаси 3-қисми билан тўпланган ҳужжатлар Жиноят Процессуал кодексининг 84-моддаси 5-қисмига асосан ҳаракатдан тугатилган.

Шунингдек, ДХХ вилояти бошқармаси ва Навоий вилояти ИИБ ТваЭҚКБ ходимлари томонидан ҳамкорликда олиб борилган ўрганишлар давомида, 1990 йил Қизилтепа туманида туғилган, миллати ўзбек, маълумоти ўрта-махсус, уйланмаган, айни пайтда тумандаги “Работ” МФЙда истиқомат қилувчи К.З. интернет тармоғининг “Odnoklassniki.ru” саҳифасидаги шахсий профилида Ўзбекистон Республикасининг амалдаги давлат тузимини Конституцияга хилоф равишда ўзгартиришга хизмат қиладиган, хусусан, “Mahmud Abdulmo‘min O'zbekiston haqida mp4” номли файлда “Маҳмуд Абдулмўмин”га тегишли бўлган видеоматериалларни виртуал дўстларига тарқатиб, салбий тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бораётганлиги аниқланган. Мазкур ҳолат юзасидан К.З.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Барчамизга маълумки, юртимизда таҳликали эпидемик вазият ҳукм сураётган, халқимиз бирдамликда “Коронавирус” инфекциясига қарши курашаётган машаққатли вазиятда, фуқароларимизнинг саломатликлари бирламчи омил эканлиги нуқтайи назаридан “Уйда қолинг!” каби мурожаатлар ҳар сонияда барча ОАВ орқали бот-бот такрорланмоқда. Таассуфки, уйда қолиб, туну кун интернет ижтимоий тармоқларида бесамар вақт сарфлаётган, ёт ғояларни тарғиб этувчи сайтларда билиб-билмай виртуал дўстлар орттираётган, ушбу ҳолатга бепарво ёндашувчи лоқайд кишилар ҳам орамизда бор.

Азиз фуқаролар, масъулиятни ҳис этинг. Кичик эътиборсизлик катта кўнгилгилсизликларни юзага келтириши мумкин. Ҳаётингизни хатарга қўйманг. Уйда қолиб, ўзингизга ва яқинларингиз саломатлигини асраш билан бирга, оила даврасида китобхонлик саодати ҳамда мутолаа завқидан баҳраманд бўлинг!

Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати

© 2006-2020. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech
Тепага