18 май 2020 592

Навоийда 26 минг АҚШ долларлик “Симоб” савдоси – 70 ёшли отахоннинг умр ғавғосига айланди

Навоий вилояти ИИБ ЖҚБ Қидирув бўлими ходимлари томонидан олинган тезкор маълумотларга асосан, Кармана туман ИИБ ЖҚБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбири давомида, 2020 йилнинг 13 май куни Кармана тумани “Уйрот” МФЙ ҳудудида 1949 йил Бухоро вилоятида туғилган, миллати ўзбек, маълумоти ўрта, оилали – 5 нафар фарзанди бор, айни пайтда Ғиждувон тумани, “Бобур” МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро Н.К. бир контенерда 5 кг 300 граммни ташкил қилган “Симоб” кимёвий моддасини 26 минг АҚШ долларига сотиш жараёнида тадбир иштирокчилари томонидан қўлга олинди. 

Н.К. ушбу жиноий ишни ўғиллари – 1976 йил Бухоро вилоятида туғилган, миллати ўзбек, оилали – 2 нафар фарзанди бор, ҳозирда Ғиждувон тумани, “Бобур” МФЙда яшовчи Н.А. ҳамда 1986 йил Бухоро вилоятида туғилган, миллати ўзбек, оилали – 2 нафар фарзанди бор, ҳозирда Ғиждувон тумани, “Бобур” МФЙда истиқомат қилувчи Н.Б.лар шерикчилигида содир этган. “Симоб” кимёвий моддасини Н.А.га тегишли “Жентра” русумли автомашинада ёлланма қўриқчи – 1986 йил Бухоро вилоятида туғилган, миллати ўзбек, оилали – 2 нафар фарзанди бор, айни пайтда Вобкент туманида яшовчи оғир атлетика устаси О.Р. ҳимоясида олиб келишга уринган. Кармана туман ИИБ томонидан холислар иштирокида Н.К.дан бир контенерда бўлган 5 кг 300 граммни ташкил этувчи “Симоб” кимёвий моддаси ҳамда 26 минг АҚШ доллари ҳужжатлаштириб олинди. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ ЖҚБ томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

“Қинғирлик – тириклик гўри”, – деган мақол ота-боболаримиз томонидан бежизга қўлланиб келинмаган. Бугунидан эртаси ғанимат бўлиб турган, улуғ 70 ёшни қаршилаган отахоннинг умр йўллари бетартиб ва бетизгин кечди. Нопоклик орқали фойда топиш осон бўлсада, якуни азоблигини англаб етмади. Отанинг шахсий амаллари ва берган тарбияси маҳсули ўғилларини ҳам жиноят кўчасига олиб кирди. Афсуски, жиноятнинг катта-кичиги бўлмаганидек, жиноятчининг ҳам ёши ва улуғи бўлмайди. Қонун эса барчани бирдек жавобгарликка тортади.

Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати

© 2006-2020. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага