14 апрел 2020 687

Навоийда онлайн тўлов орқали фуқароларни чув туширган фирибгар қўлга олинди

Навоий шаҳри, Боғишамол кўчасида яшовчи 1995 й.т. А.К. Навоий шаҳри ИИБга тақдим этган аризасида маълум қилишича, ўзига тегишли бўлган миллий либосларини сотиш мақсадида olx.uz сайтида берган эълонига мувофиқ, номаълум шахс телефон орқали мурожаат этиб, миллий либосларни сотиб олмоқчилигини ҳамда тўловни онлайн тарзда амалга оширмоқчи эканлигини билдириб, А.К.дан банк пластик карточкасининг махфий кодини сўраган. Ваҳоланки, А.К.нинг савдоси юришмади, пластик карточкадаги маблағ кўпайиш ўрнига, ундаги 4 миллион 337 минг сўм қийматдаги пул маблағи хуфиёна тарзда ечиб олинди. Навоий шаҳри ИИБ ходимларининг олиб борган суриштирув натижаларига кўра, ушбу жиноятни Бухоро шаҳар, Қаюм Муртазаев кўчасида яшовчи 1980 й.т. Т.М. содир этганлиги аниқланди. Мазкур ҳолат юзасидан Т.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

“Букрини гўр тузатади”, – қабилидаги ибора айнан Т.М. сингари шахсларга нисбатан айтилган. Гарчи, муқаддам судланганлигига қарамасдан ўғриликни ўзига касб қилиб, оиласи ва яқинларининг ишончини суиистеъмол қилган, ҳалол ва ҳаром луқманинг фарқига бормай, иймон-эътиқодни унутган, 4 нафар фарзанднинг тирикчилик рўзғорини жиноий йўл билан тебратаётган отага яна қандай баҳо бериш мумкин? Барчамизга аёнки, йиллар ўтади – хатолар унутилади, қорлар ёғади – излар босилади, бироқ “ўғри” дея аталган тамға асрлар ўтсада бир умрга муҳрланиб қолади.

Таъбир жоиз бўлса айтиш мумкинки, бугунги кунда фуқароларимизда ҳуқуқий билим етарли даражада эмаслиги оқибатида фирибгарлик ҳолатлари кескин кўпаймоқда. Бундай ҳолатларнинг бирламчи омили соддалик ва ишонувчанлик. Фуқаролар ҳар бир масалани ҳар қандай ҳолатда қонун нуқтайи назаридан баҳолашни ўрганиши эса мақсадга мувофиқдир.

Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати

© 2006-2020. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech
Тепага