8 апрел 2021 292

Навоийда Пробация бўлими ходимлари томонидан карманалик 2 аёлга амалий ёрдам кўрсатилди

Вилоятимизда пробация бўлими томонидан олиб борилаётган мақсадли лойиҳалар асосида мутасадди идоралар билан ўзаро ҳамкорликда билиб-билмай жиноятга қўл урган хотин-қизларга амалий ёрдам кўрсатилмоқда.

Хусусан, 6 йил аввал оиласидаги келишмовчиликлар, онасига қилинган мунтазам тазйиқ туфайли отасини ўлдириб қўйган, асли карманалик Т.Д. ҳам шулар жумласидандир. Жазони ижро этиш давомида икки нафар фарзандни дунёга келтирган Т.Д., қайтганидан сўнг,  яқинлари уни қабул қилмаганлиги сабабли оғир психологик аҳволга тушиб қолган. Бу шароитда пробация ходимлари ўзини-ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда Т.Д.га зарур бўлган ётоқ жой, энг асосийси руҳий-психологик ёрдам берилди. Айни пайтда улар Т.Д.ни одатий ижтимоий ҳаётга қайтариш ва уни бандлик асосида иш билан таъминлаш мақсадида зарур чора тадбирлар олиб бормоқдалар.

Носоғлом оилада тарбия топган, етишмовчилик сабаб фарзандини сотишдек аянчли жиноятга қўл урганлиги сабабли озодликдан маҳрум этилган ҳамда жазодан муддатидан илгари шартли озод қилинган Ю.М. ҳам пробация назорати кўмагидан четда қолмади. Масъул ходимлар Кармана туман ётоқхонасидан турар жой ажратиб, уни жамоатчилик асосида ишга жойлаштиришда амалий ёрдам кўрсатдилар.

Пробация хизмати қисқа вақт ичида шахсни тарбиялаш, жиноят кўчасига адашиб кириб қолган шахсларни соғлом жамиятга қайтаришга кўмаклашиш учун мактаб даражасига ета олди десак муболаға бўлмайди. Олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида шахснинг тузалиш йўлига ўтиши, жамиятда жиноятчиликка қарши қўйилган яна бир қадам бўла олади.

Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати

© 2006-2021. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага