25 март 2020 91

Нега ўзгалар ҳаётини хавф остига қўймоқдасиз?

Маълумки, дунёнинг аксар давлатларидаги сингари мамлакатимизда ҳам коронавирус тарқалишига қарши чоралар кучайтирилмоқда. Ачинарлиси, айрим фуқаролар даромад илинжида ўзи ва атрофидагиларнинг ҳаётини хавф остига қўйишдан тортинмаяптилар. Жумладан, ички ишлар органлари ходимлари Бахмал туманининг "Дўстлик" маҳалласидаги “Шашлик маркази” овқатланиш шахобчасида 6 нафар мижозга хизмат кўрсатишаётганлигини аниқлашди. Энди шахобча эгаси Бахмал тумани, "Дўстлик" маҳалласида яшовчи, 1995 йилда туғилган А.И.нинг яхшигина миқдорда жарима тўлашига тўғри келади.

Худди шундай, Ғаллаорол тумани, "2-Қангли" қишлоғида ҳам умумий овқатланиш шахобчаси фаолият юритаётгани аниқланди. Шахобчага раҳбарлик қилаётган Ғаллаорол тумани, "Маданият" ҚФЙда яшовчи, 1974 йилда туғилган А.А.га нисбатан ҳам тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Шунингдек, Дўстлик тумани, "А.Навоий" МФЙда яшовчи, 1992 йилда туғилган Р.У. тумандаги "Чинобод" маҳалласидаги бинода болаларга компьютер ўйинлари ўйнатаётгани аниқланди. Суриштирувни Дўстлик тумани ИИБ олиб бормоқда.

Маълумот ўрнида, бу каби қоидабузарликларни содир этганларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима белгиланган.

Жиззах вилояти ИИБ Ахборот хизмати

© 2006-2020. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech
Тепага