14 феврал 2020 202

Одам савдоси жабрдийдаларига манзилли ёрдам кўрсатилмоқда

14 февраль куни Тошкент шаҳрида жойлашган “Сити-Палас” меҳмонхонасида “Давлат ва нодавлат ташкилотларнинг одам савдосига қарши курашиш бўйича ижтимоий ҳамкорлик фаолиятини жадаллаштириш” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Унда Одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссия масъул котиби ва масъул ходимлари, ҳудудий кичик комиссиялар масъул котиблари ҳамда “Истиқболли авлод” ижтимоий-ахборот маркази ва унинг ҳудудий бўлимлари масъул ходимлари,  шунингдек, ОАВ вакиллари иштирок этди.

Матбуот анжуманида таъкидланганидек, Ички ишлар вазирлиги ва унинг ҳудудий органлари томонидан “Истиқболли авлод” ижтимоий-ахборот маркази, унинг жойлардаги марказлари ҳамда бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлар билан ҳамкорликда одам савдосининг олдини олиш ва ундан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича самарали ишлар олиб борилмоқда.

Одам савдоси жабрдийдаларини аниқлаш, уларга ижтимоий, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида Кичик комиссия томонидан миллий даражадаги www.ht.gov.uz веб-сайти ҳамда вазирликда долзарб алоқа тармоғи (998-99-311-01-01) фаолияти йўлга қўйилган.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, 2019 йилда долзарб алоқа тармоғи орқали қилинган мурожаатлар бўйича МДҲ давлатлари ва бошқа хорижий мамлакатлардан қайтишга имкони ҳамда шароити бўлмаган 72 нафар юртдошимизни Ўзбекистонга қайтарилишига эришилди.

Бундан ташқари, турли сабабларга кўра фуқаролик паспортларини йўқотган ёки олдириб қўйган 22 нафар фуқарога шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини олишда мамлакатимизнинг чет элдаги элчихоналари билан ҳамкорликда амалий кўмак берилди. Узоқ муддатга чиқиб кетиб, яқинлари билан алоқаси узилган 24 нафар фуқаронинг манзиллари аниқланди, 151 нафар фуқарога эса ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.

Бундан ташқари, фуқаролардан 710 та мурожаат келиб тушган бўлиб, улардан 421 таси “Ишонч” телефони орқали, 197 таси ёзма равишда, 92 таси сайёр қабулларда қабул қилинган.  

“Ишонч” телефонига келиб тушган мурожаатларнинг 106 таси  қаноатлантирилган, 252 таси бўйича малакали ҳуқуқий тушунтириш берилган, 42 таси қонуний асосларга кўра рад этилган, 11 таси бўйича текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

2001 йилдан буён фаолият юритиб келаётган “Истиқболли авлод” ижтимоий-ахборот маркази фаолиятининг асосий йўналишларидан бири одам савдоси ва зўравонликнинг бошқа кўринишларига қарши курашишдир. Ҳозирги пайтда Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Жиззах, Наманган, Сирдарё, Самарқанд, Тошкент, Қашқадарё, Хоразм вилоятларида марказнинг ҳудудий бўлинмалари фаолият юритмоқда.

Марказ қошида 2004 йилдан долзарб алоқа тармоғи (998-95-143-94-94) йўлга қўйилиб, у орқали фуқароларнинг одам савдоси, ноқонуний миграция, мажбурий меҳнат ва зўравонликнинг бошқа кўринишлари билан боғлиқ ижтимоий-ҳуқуқий мурожаатлари қабул қилинади, чет давлатларда ҳаётий қийин вазиятга тушиб қолган фуқароларимизга тезкор манзилли ёрдам кўрсатиб келинади.

Матбуот анжуманида ОАВ вакилларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берилди.

ИИВ Ахборот хизмати

© 2006-2020. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech
Тепага