2 декабр 2020 1892

Ўзбекистонлик ёшларни Суриядаги террорчилик ташкилоти сафига қўшилиш учун жўнатиб келаётган шахс қўлга олинди

Ўзбекистон Республикаси ДХХ-ИИВ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида, Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ёллаб, Суриядаги “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террорчилик ташкилоти сафига жўнатиш билан шуғулланиб келган шахснинг фаолиятига чек қўйилди.

Мавжуд маълумотларга кўра, 1996 йилда Самарқанд вилоятида туғилган О.Хошимов, 2019 йилда Миср Араб Республикасида ўқиши давомида халқаро террорчилик ташкилоти раҳнамоларининг ғоявий таъсирига тушиб, у ерга юртимиздан диний таълим олиш мақсадида борган ёшлар орасида ўзининг ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилган ҳамда Сурия давлати ҳудудида фаолият олиб бораётган “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террорчилик ташкилотининг сафига қўшилишга даъват қилиб, уларни юбориш билан шуғулланиб келган.

Ушланган шахснинг уяли телефон аппарати хотирасида экстремистик мазмундаги материаллар мавжудлиги аниқланиб, процессуал тартибда олиб қўйилган.

Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб,  тергов-тезкор ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2016 йил 26 сентябрдаги қарори билан "Тавҳид ва жиҳод катибаси" халқаро террорчилик ташкилоти фаолияти Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тақиқланган ташкилотлар рўйхатига киритилган.

Фуқароларимиз, айниқса ёшларимизни огоҳлантириб, бу каби қонун бузилишларига йўл қўймаслик мақсадида, ижтимоий тармоқлардаги шубҳали сайтларда тарқатилаётган бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб, алданиб қолмасликлари, жамоат тартибига таҳдид солувчи материаллардан фойдаланмасликлари ҳамда интернет тармоғида нохолис, текширилмаган ва асоссиз материалларни тарқатиш билан шуғулланмасликларини сўраймиз.

Кимда ким ўзи ёки яқинлари ушбу шахснинг таъсирига тушган ёки ҳаракатларидан жабрланган бўлса, энг яқин бўлган ички ишлар органларига ёки "102" телефон рақамига мурожаат қилишингизни сўраб қоламиз.

ИИВ Ахборот хизмати

© 2006-2021. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага