17 март 2020 138

Пауэрлифтинг: спортчиларимизда битта олтин ва иккита бронза медали

12-15 март кунлари пойтахтимизда пауэрлифтинг бўйича ёшлар, ўсмирлар ва катталар ўртасида Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди.

Мусобақада республикамизнинг турли ҳудудларидан 150 нафарга яқин спортчи иштирок этди. Қитъа миқёсидаги халқаро турнирлар олдидан кучли спортчиларни саралаб берган мусобақа қизғин курашларга бой ўтди. Иштирокчилар ўз маҳоратларини намоён этиб, совринли ўринларни эгаллашга ҳаракат қилишди. 

Биз учун қувонарлиси, Ички ишлар вазирлиги Академияси курсанти Боғдагул Бобоқулованинг мусобақадаги омадли иштироки бўлди. 84+ вазн тоифада куч синашган вакиламиз барча рақибларини ортда қолдириб, шоҳсупанинг энг юқори қисмидан ўрин олишга муваффақ бўлди. Боғдагул 132 килограмм тошни кўтариб, олтин медалга сазовор бўлди. Мазкур натижа билан у Ўзбекистон рекордини ҳам ўрнатди!

Энди Боғдагул миллий терма жамоа сафида жорий йилнинг октябрь ойида Индонезия мезбонлик қиладиган қитъа чемпионатида юртимиз шарафини ҳимоя қилади. 

Айтиш керакки, Ўзбекистон чемпионатида яна икки нафар вакилимиз совриндорлар қаторидан жой олди. Курсантларимиз Даврон Умаров ҳамда Суннат Сайдуллаевлар умумий ҳисобда 400 килограммдан тош кўтариб, учинчи ўринни нақд қилишди. Мусобақа якунига кўра Академиянинг Жанговар ва жисмоний тайёргарлик кафедраси ўқитувчиси, катта лейтенант Акром Мирзақулов энг яхши мураббий учун аталган совринни қўлга киритди. 

Ғолиб ва совриндорларнинг барчаси мусобақа ташкилотчилари томонидан тантанали равишда тақдирланди. 

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

© 2006-2020. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech
Тепага