23 сентябр 2020 81

Пробация гуруҳи назоратидаги фуқаролар билан учрашув ўтказилди

Давлатимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар, энг аввало, инсон, унинг манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишни таъминлаш учун хизмат қилмоқда. Тобора равнақ топиб бораётган юртимизда азалдан инсонпарварлик тамойиллари, инсон шаъни ва қадри олий масала сифатида алоҳида эътиборга олинган.
Ички ишлар органларининг Пробация хизмати ташкил этилгандан буён жазоларнинг бажарилиши назорат қилиниши баробарида, ушбу тоифа шахсларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш, уларнинг бандлигини таъминлаш, ўқишга ва ишга жойлаштириш, назорат остидагиларга ижтимоий, ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш, энг асосийси, шахсни тарбиялаш масалаларига эътибор қаратилиб келинмоқда.  Мамлакатимизда Пробация бўлинмалари назоратида турган маҳкумлар ўртасида ички ишлар органларининг бошқа соҳавий хизматлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа жамоатчилик тузилмалари билан ҳамкорликда профилактик тадбирлар амалга оширилиб, қайта ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар содир этилишининг олди олинмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг кўрсатмасига асосан, туман Ички ишлар органлари Пробация гуруҳи назорати остидаги шахслар томонидан қайта жиноят содир этилишининг олдини олиш мақсадида шу йилнинг 10-30 сентябрь кунлари оралиғида “Ҳамкор” профилактик тадбирини ўтказиш белгиланган эди. Шунга кўра, шу йил 18 сентябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Пробация бўлими бошлиғи Умида Қурбонбоева туманимизга келиб, туман Ички ишлар органлари Пробация гуруҳи назоратида турган шахслар билан учрашув ўтказди.

Учрашувда туман Ички ишлар бўлими бошлиғининг ўринбосари, капитан Султан Жарилкаганов, туман ИИБ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш гуруҳи катта тезкор вакили, майор Отабек Бекчанов, туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими етакчи мутахассиси Нодира Йўлдошева, туман Ёшлар ишлари агентлиги бўлими бош мутахассиси Сардор Курабаев ҳамда тумани ички ишлар органлари Пробация гуруҳи ходимлари қатнашдилар.
Учрашув Пробация гуруҳи назоратида турганларнинг муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиш, уларни қийнаётган масалалар юзасидан ҳуқуқий маслаҳатлар бериш, бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка жалб этиш, тўгаракларга аъзо қилиш орқали улар томонидан қайта жиноятлар содир этилишининг барвақт олдини олиш мақсадида ташкил этилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Пробация бўлими бошлиғи, подполковник Умида Қурбонбоева Пробация гуруҳи назоратида турган шахсларга суд ҳукми талабларига амал қилиш кераклиги, бир маротаба билиб-билмай қилган ишларига қайта қўл урмасликлари лозимлиги, қонун-устувор жазо – муқаррар эканлиги, қонунни билмаслик жазодан озод этишга асос бўлмаслиги хусусида гапирди. Сўнгра, назоратда турган шахсларнинг муаммолари ўрганилиб, уларни қийнаётган масалалар юзасидан ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Шундан сўнг, Пробация гуруҳи назоратида турган Гулзор маҳалласида яшовчи, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаси билан озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган маҳкума аёлнинг уйига бориб, унинг яшаш шароити, турмуш тарзи билан боғлиқ бўлган ижтимоий муаммолари ўрганилди. Пробация гуруҳи назоратидаги ижтимоий аҳволи оғир ҳамда эҳтиёжманд бўлган, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаси билан ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилинган, Арна бўйи маҳалласида яшовчи 1 нафар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаси билан озодликни чеклаш жазосини ўтаётган Тўлқин овулида яшовчи 1 нафар маҳкумларнинг оилаларига озиқ-овқат маҳсулотлари берилди. Масъуллар уларнинг фарзандларини ҳам эътибордан четда қолдирмай, папка ва ўқув қуролларини совға қилишди.

Бундай эътибор ва ғамхўрликдан ниҳоятда мамнун бўлган ушбу фуқаролар эндиликда ҳаётда тўғри йўлдан адашмасликларини, жамиятга наф келтиришга ҳаракат қилишларини, фарзандларига тўғри тарбия беришларини айтиб, ўз миннатдорчиликларини билдирдилар.

И. Жабборберганов, туман ИИО пробация гуруҳи катта инспектори.

© 2006-2020. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага