18 ноябр 2020 675

Қашқадарёда жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги вазифалар танқидий таҳлил қилинди

Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов бошчилигидаги идоралараро ишчи гуруҳ томонидан Қашқадарё вилоятининг барча шаҳар-туманларида жиноятчиликни барвақт аниқлаб олдини олиш, жамоат тартиби ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашнинг аҳволи ўрганилди.

Воҳада жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликка қарши курашиш ва унинг олдини олиш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш борасида секторлар томонидан амалга оширилган ишлар Ички ишлар вазири П.Бобожонов ва вилоят ҳокими З.Мирзаев бошчилигида ўтказилган йиғилишда атрофлича таҳлил этилди. 

Йиғилишда жиноятчиликка қарши кураш ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, аср иллатига айланган одам савдоси, гиёҳвандлик каби ҳолатларнинг олдини олиш борасида сектор раҳбарларининг ҳисоботи эшитилди.

Вилоят географик жойлашувининг ўзига хослиги ҳамда профилактик ҳисобдаги шахслар билан ишлаш тизими самарадорлигини ошириш мақсадида, янги тажриба асосида ишларни ташкил этиш юзасидан махсус профилактик тадбирлар тақдимоти намойиш этилди.

Бундан ташқари маҳаллаларда, бозор ва аҳоли гавжум масканларда рўй бераётган жиноятларни келтириб чиқарувчи шарт-шароит ва сабаблар чуқур ўрганилиб, таъсирчан муҳокамалар ўтказиш, унда қонунбузарликнинг оқибатлари хусусида кенг тушунчалар бериш айтиб ўтилди. Бу борада маҳаллий ҳокимликлар, қишлоқ, маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликни янада кучайтириш лозимлиги уқтирилди.

Барча фуқаролар, айниқса, ёшлар ва аёллар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, жамоат тартибини сақлаш, қонун устуворлигини ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида ички ишлар органлари, маҳалла ва миллий гвардия ҳамда бошқа мутасадди идоралар ҳамкорлигида амалга оширилган ишларни янада кучайтириш ва бу борада манзилли дастурлар тузиш бўйича аниқ топшириқлар берилди.

Вилоят ҳудудида олди олиниши мумкин бўлган жиноятларнинг содир этилиш сабаблари ва шарт-шароитлари ҳар бир секторлар кесимида муҳокама қилиниб, бу борада кўрсаткичлари нисбатан юқори бўлган Қарши шаҳар, Чироқчи туман ва Косон туманларида вазиятни ижобий томонга ўзгартириш бўйича манзилли чоралар белгиланиб, фаолиятда йўл қўйилган камчиликлар муҳокама қилиниб, тегишли соҳавий хизматлар раҳбарлари олдига вазифалар қўйилди.

Хусусан, Қарши шаҳридаги жиноятчилик кўрсаткичлари юқори бўлган “Ерқўрғон” бозори ҳудудида алоҳида ички ишлар бўлинмасини ташкил этиш, маҳаллалардаги вазиятни инобатга олган ҳолда профилактика инспекторлари штат бирликлари ажратиш маслаларини кўриб чиқиш топширилди.

Шунингдек, вилоятнинг барча йирик бозорлари ўрганиб чиқилиб, ушбу амалиётни бошқа бозорларда ҳам татбиқ этиш вазифаси қўйилди.

Чироқчи туманида ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш бўйича ўзига хос ижобий тажриба яратилиб, кейинчалик вилоятнинг барча ҳудудларига тарғиб этилиши, Миллий гвардия билан биргаликда ҳудудларда қўшимча патруллик йўналишларини ташкил этиш, аҳоли хонадонлари ва бошқа объектларни техник қўриқловга олиш борасидаги тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш бўйича вазифалар белгилаб берилди.

Шу билан биргаликда, барча туман-шаҳарлардаги шифохоналарда спиртли ичимликка ружу қўйган ва гиёҳвандларни мажбурий даволатиш учун алоҳида ўринларни ва кучли алкоголь мастлик ҳолатида бўлган шахсларни вақтинча изоляция ва реабилитация қилишни назарда тутувчи махсус жиҳозланган хоналарни ташкил этиш бўйича мутасадди идораларга тегишли вазифалар юклатилди.

Йиғилиш якунида, ички ишлар, прокуратура, давлат хавфсизлик хизмати, миллий гвардия, солиқ ва суд идораларининг масъул малакали ходимларидан иборат Махсус гуруҳлар тузилиб, вилоятда криминоген вазиятни ҳамда мавжуд муаммоли масалаларни инобатга олган ҳолда профилактик ва махсус тадбирлар ўтказилиши белгиланди.

ИИВ Ахборот хизмати

© 2006-2020. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага