7 апрел 2021 487

Қорақалпоғистон Республикасида ишчи гуруҳнинг фаолияти давом этмоқда

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги ишчи гуруҳи томонидан Қорақалпоғистон Республикасига бўлган ташрифи давомида ҳудуддаги жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ҳамкорликда амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлиги, аҳоли тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ва фуқароларнинг мол-мулкларини ишончли муҳофаза қилиш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва уларни келтириб чиқараётган омилларни аниқлаш бўйича амалга оширилган ишлар таҳлил этилиб, танқидий муҳокама қилинмоқда.

Жорий йилнинг 6 апрелда Ишчи гуруҳ раҳбари Пўлат Бобожонов Мўйноқ туманида бўлиб, туманнинг тўртта сектор раҳбарлари билан учрашди ва уларга бириктирилган ҳудудларда ҳамкорликда олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди. Шунингдек, Оролбўйи минтақасида ўз хизматини олиб бораётган профилактика инспекторлари билан суҳбатлашди. Савол-жавоб тарзида ўтказилган суҳбат давомида бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг моҳиятига алоҳида урғу берилиб, тизимга қаратилаётган эътибор туфайли яратилган шароитлар ҳақида сўз юритилди, шунингдек, порахўрликдек иллатга ички ишлар органлари фаолиятида ўрин йўқлиги ҳамда хизмат интизомига қатъий риоя қилишнинг муҳимлиги ҳақида таъкидлаб ўтилди.

Профилактика инспекторларининг иш шароитлари ўрганилди, юзага келаётган муаммолар билан танишилди. Хусусан, Муйноқ тумани «Ҳаким ота» ОФЙ ҳудудига хизмат кўрсатувчи профилактика инспектори, лейтенант Турар Қудайбергеновнинг оилавий шароитини инобатга олиб, Нукус шаҳрида хизматини давом эттириши бўйича масъул раҳбарларга тегишли топшириқ берилди.

Кейинги ташриф Қўнғирот туманига бўлди. Туман ички ишлар бўлими фаолиятини ўрганиш чоғида, вазирга ҳудуддаги криминоген вазият ҳақида батафсил маълумот берилди ҳамда тўртта сектор раҳбарларининг ҳудудида содир этилган жиноятларнинг аҳоли ўртасида олиб бориладиган муҳокамасининг таъсирчан тарзда ўтказилиши тўғрисида сўз борди. Туман ИИБ барча профилактика инспекторлари билан бўлиб ўтган учрашув давомида, ходимларнинг маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда олиб бораётган ишлари муҳокама этилди ва ҳар бир ходим ўз ишига виждонан ёндашиши, халқ манфаатларини ҳар нарсадан устун қўйиши зарурлиги тушунтирилди.

Учрашувда хизмати давомида яхши натижаларга эришган Қўнғирот тумани ИИБ профилактика инспекторлари, капитан Дастан Досбергенов ва катта лейтенант Махмуджон Қутлимуратовларни мукофотлаш ҳамда Қўнғирот тумани ИИБ 6-сонли ички ишлар бўлинмасига «Дамас» русумли хизмат автотранспорти ажратилиши тўғрисида топшириқ берилди.

Вазир шу куни, Қонликўл туман ички ишлар бўлимида 4 сектор раҳбарлари, ИИБ раҳбарлари ва профилактика инспекторлари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда, фаолиятдаги бир қатор камчиликларга йўл қўйилганлигини таъкидлаб ўтди ҳамда раҳбарларнинг ўз вазифаларига масъулият билан ёндашишлари, ходимларнинг хизмат интизоми ҳамда қонунчиликка қатъий амал қилишлари лозимлигини алоҳида таъкидлади, шунингдек, туманда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш ва маҳаллаларда жиноятчилик муҳокамаси юзасидан амалга оширилган ишларга танқидий жиҳатдан баҳо берилди.

Ишчи гуруҳининг навбатдаги манзили минтақанинг Хўжайли тумани бўлди. Унда Пўлат Бобожонов секторлар бўйича масъуллар билан учрашиб, давлат раҳбари томонидан берилган топшириқларни бирдамликда бажариш зарурлигини тушунтириб, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши курашнинг самарали усулларини қўллаган ҳолда ҳудудда тинчлик ва осойишталикни таъминлашда ҳамкорликнинг муҳим жиҳатларига тўхталиб ўтилди.

Ўрганиш ишлари давом этмоқда.

ИИВ Ахборот хизмати

© 2006-2021. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага