6 апрел 2021 390

Қорақалпоғистон Республикасида ўрганиш ишлари давом этмоқда

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожоновнинг шу кунларда Қорақалпоғистон Республикасида жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактик ишлар билан танишиш юзасидан сафари давом этмоқда.

Дастлаб вазир Нукус шаҳрида ўтган йилдан фаолият юритиб келаётган “Темурбеклар мактаби” ҳарбий лицейига ташриф буюрди.  Бу ерда ўқувчи ёшлар учун яратилган имконият ва шароитлар билан яқиндан танишиб, махсус синфхоналар, спорт билан шуғулланиш, овқатланиш, дам олиш учун ажратилган хоналарнинг қай даражада жиҳозланганлигини кўздан кечирди.

Шунингдек, мазкур ўқув даргоҳида таълим олаётган ўқувчилар билан суҳбат ўтказиб, масъул ходимларга Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири ва вазирлик раҳбар ходимларининг бу ерда дарс ўтишини ташкил этиш, ўқувчи ёшларни амалиётга жалб этиш бўйича аниқ топшириқлар берди.

Маълумки, 12 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ҳайъатининг кенгайтирилган йиғилишига раислик қилиб, унда ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси йўналишларидаги ишлар танқидий нуқтаи-назардан муҳокама қилинган эди.

Давлат раҳбари томонидан Нукус шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси филиалини очиш бўйича топшириқ берилган бўлиб, мазкур масала бўйича вазир шаҳардаги олий ўқув маскани учун ажратилган ер майдонини бориб кўрди.

Бундан ташқари, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ Тиббиёт бўлими госпиталида ҳам бўлди. Мазкур масканда даволанаётган тизим фахрийлари ва ходимлар билан суҳбат ўтказиб, тиббий текширув ҳамда даволаниш учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиб чиқди.

Шу куннинг ўзида вазир юқорида таъкидлаб ўтилган Ҳайъат мажлиси қарорига кўра, Нукус шаҳрида жамоат тартибини сақлаш, жиноятларнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича фаолиятнинг самарадорлигини ошириш мақсадида прокуратура, ички ишлар, Миллий гвардия ва Нукус шаҳридаги сектор раҳбарлари ва бошқа масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда тузилган тезкор штабда бўлди.

Айтиш жоизки, тезкор штаб Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ ППХ ва ЖТСБ биносида жойлашган. Вазир штаб фаолиятини ўрганиш чоғида ишни тўғри ва самарали ташкил этиш бўйича зарур тавсиялар берди.

Хусусан, шаҳар ҳудудидаги хонадонлар ва тадбиркорлик объектларини қўриқлаш пультига улаш орқали содир бўлиши мумкин бўлган ўғрилик жиноятларининг олдини олиш, шунингдек, маҳалла ҳудудлари, айниқса «қизил ҳудуд»га кирган маҳаллаларнинг кириш-чиқиш жойларига кузатув камераларини ўрнатиш юзасидан топшириқлар берди.

Шу билан бирга, 4 сектор раҳбарлари томонидан «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқаролар билан ишлаш, уларни ижтимоий-иқтисодий масалаларда қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.

Шунингдек, шаҳар ҳудудида жиноятчиликни барвақт олдини олиш бўйича виктимологик профилактика ишларига алоҳида эътибор қаратиш, бунда фуқаролар ўртасида жиноятчиликнинг келиб чиқиш сабабларини аниқ мисоллар билан тушунтириш лозимлигини таъкидлаб ўтди.

Бундан кейин вазир Нукус шаҳрида ташкил этилган «Дўстлик гузари» ҳуқуқ-тартибот масканига ташриф буюриб, бу ерда ташкил этилган ишларнинг аҳволи билан танишди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур ҳуқуқ-тартибот масканига тажриба тариқасида терговчи ва суриштирувчига эксперт-криминалист, тезкор ходимлар жалб этилган бўлиб, ҳар бир соҳавий хизмат ходими ўз йўналиши бўйича ҳудудда содир этилган ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар борасида  суриштирув ва дастлабки терговни юритиш, тергов-тезкор гуруҳи таркибида воқеа содир бӯлган жойни кӯздан кечириш, мутахассис сифатида иштирок этиш, иш натижалари бўйича белгиланган шаклда ҳисобот ва маълумотларни тайёрлаш, қонуний қарор қабул қилиниши учун ҳужжатларни тегишли судларга тақдим қилиш бўйича амалиёт жорий этилган.

Вазир маскан фаолияти билан танишар экан, бу ерда ишни янада самарали олиб бориш учун тегишли таклиф ва тавсияларини берди.

Шу куни вазир Кегейли туман ИИБда бўлиб, ҳудуднинг сектор раҳбарлари билан учрашди. Учрашув давомида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, шунингдек, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқароларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Шу билан бирга, туман ИИБ ходимлари билан учрашиб, суҳбат ўтказди. Суҳбат давомида ҳудуддаги жиноятчиликнинг аҳволи, жиноятларни олдини олиш, энг кўп учраётган жиноятларнинг келиб чиқиш  сабаблари, уларнинг олдини олиш каби масалалар юзасидан ташкил этилган манзилли ишларни жадал олиб бориш ҳақида таъкидлаб ўтилди.

Вазирлик раҳбари учрашув давомида тумандаги «Абат макон» МФЙ ҳудудига бириктирилган профилактика инспектори, катта лейтенант Нурлан Қулекешовга ўз ҳудудида жиноятчиликнинг камайишига эришгани, фидойилик ва шижоат билан хизмат олиб бораётгани учун рағбатлантириш тариқасида муддатидан олдин "капитан" махсус унвони билан тақдирлаш бўйича топшириқ берди.

Шунингдек, Пўлат Бобожонов шу кунинг ўзида Нукус туман ИИБда бўлиб, тумандаги тўрт сектор раҳбарлари билан учрашди ва ҳудудда жиноятчиликнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар, содир бўлган жиноятларнинг муҳокамаларининг таъсирчанлиги, ҳудудда "маҳаллабай" ишларни олиб бориш юзасидан таклиф ва тавсияларини билдирди.

Бундан ташқари, ҳудуддаги профилактика инспекторлари билан учрашиб, бугунги кунда давлатимиз раҳбарияти томонидан тизимга берилаётган эътибор ва унинг натижасида яратилаётган шароитлар ҳақида таъкидлаб, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда маҳалла фаоллари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича керакли тавсияларни берди.

Ишчи гуруҳ томонидан ўрганиш ишлари давом этмоқда.

ИИВ Ахборот хизмати

© 2006-2021. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага