18 сентябр 2020 397

Шароф Рашидов туманида фирибгарларнинг “синалган усули” иш бермади

Шароф Рашидов туманида яшовчи фуқаро Арнасой тумани “Тинчлик” фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 6 кишидан насияга олган 68 бош майда шохли молларини ўзлаштириб юборган. Фирибгар синалган усулдан фойдаланди. У дастлаб, фуқароларнинг бир нечта чорва молларини яхшигина нархга олиб, пулларни келишилган вақтда етказиб беради.

Кейинги сафар у янада кўпроқ қўй олиб кетди ва қорасини кўрсатмади. Жабрланувчилар муттаҳамнинг инсофга келишини озроқ кутдилар, бу борадаги илинжлари йўққа чиққач, ички ишлар органларига мурожаат қилишди. “Тинчлик” аҳли ғавғони ўзлари сотиб олди, десак хато бўлмайди.

Ғаллаорол тумани Булоқбоши қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи, 1969 йилда туғилган Б.Ж. ҳам фирибгардан азият чекканлардан бири. У 2019 йилнинг декабрь ойида шу туманнинг Олимлар маҳалласида яшовчи, 1986 йилда туғилган Ф.М.дан “Нексия” русумли автоуловни 55 миллион сўмга савдолашиб олди. Аниқроғи, 25 миллион сўмни нақд бериб, қолганини бўлиб-бўлиб тўлашга келишдилар.

Аммо ушбу автоулов Тошкент шаҳрида яшовчи бошқа бир шахсга тегишли бўлиб чиқди. “Нексия”нинг ҳақиқий эгаси автоуловини шартнома асосида фирибгарга берганлиги маълум бўлди. Шу тариқа Б.Ж. энди етдим, деганида автомашинасидан ажраб қолди.

Табиийки, жабрланувчи ички ишлар органларига ариза ёзди. Тергов ва суриштирув жараёнида Ф.М. Ғаллаорол тумани Бахт маҳалласида яшовчи, 1955 йилда туғилган А.Ж.дан “Нексия” сотиб олиб, 28 миллион сўм пулини бермасдан келаётгани аниқланди. Шунингдек, у Шароф Рашидов тумани Янгиобод маҳалласида яшовчи, 1991 йилда туғилган Б.Э.дан ҳам “Нексия” олиб, 40 миллион 800 минг сўмини бермаган.

Айни вақтда ушбу ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, жабрланувчиларга етказилган зарарларни қоплаш ҳамда айбланувчига қонунда белгиланган жавобгарликни қўллаш чоралари кўрилаяпти.

Шуниси аниқки, молиявий муносабатлар қонуний йўллар билан амалга оширилганида бу ташвишлар йўқ эди ва ҳеч кимнинг юрагини “Ўша муттаҳам пулимни қайтариб берармикан”, деган ўй кемирмаётган бўларди.

Жиззах вилояти ИИБ Ахборот хизмати

© 2006-2020. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага