21 январ 2021 1278

Сирдарёда ДХХ ва ИИВ томонидан “жиҳодчилар” экстремистик оқимининг яширин гуруҳи аъзолари қўлга олинди

Шу йилнинг 21 январь куни Сирдарё вилояти бўйича ДХХ Бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир жараёнида, Сирдарё вилоятида “жиҳодчилар” экстремистик оқимининг яширин гуруҳи фаолиятига чек қўйилди.

Мазкур гуруҳнинг 2 нафар етакчиси Россия Федерациясида мавсумий ишлаши давомида радикал гуруҳлар таъсирига тушиб, яшаш жойига қайтиб келганларидан сўнг аҳоли орасида ўзларининг бузғунчи ғояларини тарғиб қилиш ва Интернетнинг ижтимоий тармоқлари орқали халқаро террорчилик ташкилотларнинг ғоявий раҳнамоларининг маърузаларини тарқатиш билан шуғулланишган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг қарори асосида таъқиқланган экстремистик ва террорчилик гуруҳларга алоқадор шахсларнинг мақола ва маърузаларини интернет тармоғидан юклаб олиб, уларни сақлаш ва атрофдагиларга тарқатиш, шунингдек, Сурия Араб Республикасида давом этаётган қуролли тўқнашувларда иштирок этувчи террорчилик гуруҳларни молиялаштириш билан шуғулланган.

Ушбу жиноий гуруҳ раҳбарлари 2020 йилда Сардоба сув омбори билан боғлиқ сув тошқини оқибатида талафот кўрган масжидларнинг қайта қурилишига моддий кўмак йиғишни айтиб, “Telegram” мобиль мессенжерида хайрия гуруҳини очиб, муқаддас қадамжонинг қайта қурилишига ўз ҳиссасини қўшмоқчи бўлган мўмин мусулмонларни алдаб, улар томонидан банк пластик картасига туширилган маблағларни Сурияга жўнатиш билан шуғулланганлар.

Шу ўринда, қўлга олинганлардан баъзилари карантин чекловлари бекор қилингач, Сурияга чиқиб кетишни режалаштириш мақсадида ушбу мамлакат ҳудудидаги маслакдошлари билан алоқада бўлиб келганлар.

ДХХ Сирдарё вилояти бўйича Бошқармаси томонидан кўрилган чоралар натижасида, ушбу экстремистик гуруҳнинг аҳолига салбий таъсири ва ёшларни бузғунчи йўлларга бошлашининг олди олиниб, вилоят ИИБ билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида экстремистларнинг барча аъзолари қўлга олиниб, яшаш манзилларида ўтказилган тинтув тергов ҳаракатлари давомида, уларнинг жиноий фаолиятини фош этувчи далилий ашёлар олинди.

Ҳозирда Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов-суриштирув ишлар давом эттирилмоқда. 

Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

© 2006-2021. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага