17 ноябр 2020 453

Сурхондарёда жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 12-14 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов бошчилигидаги ИИВ, Миллий гвардия ва Бош прокуратура масъул ходимларидан иборат идоралараро ишчи гуруҳи томонидан Сурхондарё вилоятининг барча туман-шаҳарларида жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишларнинг аҳволи ўрганиб чиқилди.

Ўрганишлар якуни бўйича Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ва вилоят ҳокими Тўра Боболов томонидан Сурхондарё вилояти ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда “Обод маҳалла – хавфсиз маҳалла” тамойили асосида маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, ички ишлар органлари ҳамда Миллий гвардия билан ҳамкорликдаги амалга оширилган ишлар муҳокама қилиниб, йўл қўйилган камчиликлар танқид остига олинди. Шунингдек, ҳудудлар бўйича масъулларнинг ҳисоботи тингланди.

Маҳаллаларда “жиноятчиликни жиловлаш” борасида камчиликка йўл қўйилаётган ҳудудларда ички ишлар органлари, маҳалла, Миллий гвардия ва бошқа тегишли идора ва ташкилотларнинг жиноятчиликни барвақт олдини олиш бўйича вазифаларига доир презентация намойиш этилди.

Шунингдек, маҳалла ва бозор ҳудудларида қайд этилган жиноятларнинг асл сабаблари ва шарт-шароитлари муҳокама қилиниб, бу борада жиноятчилик кўрсаткичлари нисбатан юқори бўлган Денов, Жарқўрғон ва Шеробод туманларида вазиятни ижобий томонга ўзгартириш бўйича алоҳида чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Келгусида аёллар, уюшмаган ёшлар томонидан, маст ҳолатда жиноят содир этилишини олдини олиш, нотинч оилаларда соғлом ижтимоий муҳитни шакллантириш ва ишсизликни камайтириш бўйича масъул идора ва ташкилотлар ҳамда жойлардаги 4 та сектор раҳбарларига жорий йил якунига қадар ҳамда 2021 йилнинг 1 чораги мобайнида бажарилиши лозим бўлган устувор вазифалар белгилаб берилди.

Шу жумладан, ёшлар орасида пичоқ ва бошқа турдаги совуқ қуроллардан фойдаланиб содир этиладиган жиноятларнинг барвақт олдини олиш, жиноят муҳокамасини таъсирчан ўтказиш, эътибор қаратилиши лозим бўлган шахслар билан манзилли ишлаш, аҳолининг барча қатламлари айниқса, аёллар, ёшлар ва кексалар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш юзасидан масъул идора ва ташкилотларга аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш вазифаси юклатилди.

Шу билан бирга, мамлакатимизда аҳоли билан ишлашда энг қуйи тизим ҳисобланган маҳалладаги вазият таҳлил қилинди. Фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қўшимча патруль йўналишларини ташкил этиш, уларнинг мол-мулкига қаратилган жиноий тажовузларни олдини олиш, хонадонларни қўриқловга олиш, видеокузатув мосламалари сонини кўпайтириш каби қатор вазифалар белгиланди.

Муҳокама давомида кўриб чиқилган муаммоли масалалардан келиб чиқиб, вилоятда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш борасида ҳуқуқ-тартибот идораларининг фаолиятини такомиллаштириш ҳамда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш бўйича “Сурхондарё тажрибаси”ни амалиётга татбиқ этиш юзасидан топшириқлар берилди.

ИИВ Ахборот хизмати

© 2006-2020. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага