16 феврал 2021 686

Танқидий таҳлил ва устувор вазифалар фаолият самарадорлигига хизмат қилади

Кейинги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ички ишлар вазирлиги тизимида туб ислоҳотлар амалга оширилди. Пировардида, вазирлик, том маънода, халқчил тузилмага айланди. Ўз навбатида, тизим фаолиятини янада жонлантириш, ислоҳотларга ҳамоҳанг руҳда шакллантириш борасида олдимизда муайян вазифалар турибди.

Президентимизнинг 12 февраль куни Ички ишлар вазирлигига ташрифи ва илк бор вазирлик ҳайъатининг кенгайтирилган йиғилишида иштирок этиши барча ҳамкасбларимизга билдирилган ишонч ифодаси бўлиб, зиммамизга жуда катта масъулият юклайди, хизмат фаолиятимизда янги саҳифа очиб, туб бурилиш ясайди.

Давлатимиз раҳбари ўз маърузасида тизимда амалга оширилаётган ишларни чуқур танқидий таҳлил қилиб, мамлакатимизда тинчлик-хавфсизликни таъминлаш бўйича энг долзарб ва муҳим масалаларга тўхталиб ўтди.

Ўтган 4 йилда бевосита ички ишлар органлари тизимини такомиллаштириш билан боғлиқ 180 та қонун, Президентимизнинг фармон ва қарорлари, ҳукумат меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари қабул қилинди. Бу билан ички ишлар органларида ҳар бир соҳавий хизмат тубдан такомиллаштирилди.

Ички ишлар органлари тузилмаси ҳамда куч-воситаларнинг тақсимланиши қайта кўриб чиқилиб, энг олис қишлоқларда ҳам аҳолига хизмат кўрсатиш мақсадида 85 фоизгача шахсий таркиб қуйи тизимга туширилди. Бунинг учун 314 та янги ички ишлар бўлинмаси ташкил этилди.

Тизимда кадрлар салоҳиятини ошириш, янгиликка интилувчан ва замонавий фикрлайдиган ходимларни соҳага тайёрлаш мақсадида “Темурбеклар мактаби” ва ихтисослашган мактаб-интернат ҳамда барча ҳудудларда академик лицейлар иш бошлади. Ҳозирги замон талабидан келиб чиққан ҳолда, хавфсиз туризмни таъминлаш, пробация, кибержиноятчиликка қарши курашишга ихтисослашган янги бўлинмалар фаолияти йўлга қўйилди.

Қатор хориж мамлакатлари билан илмий тажриба алмашилиб, 40 га яқин давлатлар иштирокида мувофиқлаштирувчи кенгашлар тузилди, икки томонлама ҳамкорлик ўрнатилди.

Тизимнинг моддий-техник базаси ҳам мустаҳкамланди. Хусусан, замонавий махсус техникалар, компьютер, алоқа ва транспорт воситалари олиниб, янги маъмурий бинолар қурилди. Ходимларнинг хизмат қилиши учун қулай шароитлар яратилиб, уларнинг ижтимоий ҳимояси кучайтирилди.

Давлатимиз раҳбари томонидан берилган эътибор самарасида жиноятчиликни жиловлаш борасида ҳуқуқ-тартибот идораларининг ўзаро ҳамкорликдаги ишлари янги босқичга кўтарилди. Ҳудудларда республика даражасидаги ҳуқуқ-тартибот идоралари, хусусан, ички ишлар, миллий гвардия, суд ва прокуратура органлари раҳбарларининг биргаликдаги сайёр йиғилишлари ўтказилиши, мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича аниқ вазифалар белгиланиши яхши анъанага айланди.

Сўнгги тўрт йил мобайнида аҳоли сони 2 миллиондан ортиққа кўпайган бўлса, ҳамкорликдаги ишлар натижасида шу давр мобайнида жиноятлар сони деярли 12 мингтага камайди.

Агар 2017 йилда маҳаллаларнинг 13 фоизида биронта ҳам жиноят содир этилмаган бўлса, “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида ишларнинг йўлга қўйилиши ва самарали ҳамкорлик натижасида 2020 йилга келиб, жиноят қайд этилмаган маҳаллалар сони 50 фоизга етди.

Илгари жиноятчилик кўрсаткичи аввалги йил билан солиштирилиб, жиноят сони ошди ёки камайди, деб рақамлар орқали вазиятга баҳо бериларди. Ҳозир жиноятчиликка қарши курашишда рақам ортидан қувишга эмас, балки жиноятчиликнинг асл сабабларини бартараф этиш орқали фуқаролар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга асосий эътибор қаратилмоқда.

Лекин тизимда бир қатор муаммоли масалалар сақланиб қолаётгани ҳам Президентимиз эътиборидан четда қолмади. Бу жиҳатлар вазирлик ҳайъатининг кенгайтирилган йиғилишида танқидий-таҳлил асосида муҳокама қилинди ва олдимизда турган устувор вазифалар белгилаб берилди.

Энг аввало, бундан буён иш услубимиз ва натижаларимиз “маҳаллабай” тизимида амалга оширилиши бўйича аниқ топшириқлар берилди. Эндиликда жиноятлар республика ёки вилоятлар даражасида эмас, “маҳаллабай” тарзда таҳлил қилинади.

Маҳалла, туман ва шаҳарлар криминоген вазиятдан келиб чиқиб “қизил”, “сариқ”, “яшил” тоифага бўлинади ва маҳалладаги жиноят ўчоқлари аниқланади ҳамда уларни келтириб чиқарувчи омиллар таҳлил қилиниб, шу йўналишда аниқ, мақсадли ишлар олиб борилади.

Энг кўп жиноятлар содир этилган маҳаллаларда қўшимча профилактика инспекторлари, тезкор вакил, патруль-пост ва йўл-патруль хизмати ходимларидан иборат алоҳида ички ишлар бўлинмалари ташкил этилади. Криминоген вазият мураккаб маҳаллаларга куч-воситалар қайта тақсимланиб, бевосита “жиноят ўчоқлари” бартараф этиб борилади.

Таҳлилларга кўра, аксарият жиноятлар оилалардаги ижтимоий-маиший муаммолар ва ўзаро низоли масалалар ўз вақтида ечимини топмагани туфайли содир этилмоқда. Бироқ бугунги кунда эътибор қаратишимиз лозим бўлган аҳоли қатлами билан жиноятчиликнинг олдини олиш борасида ягона ахборот алмашинув тизими мавжуд эмас.

Келгусида “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” негизида маҳаллалар кесимида аниқ маълумотлар базаси яратилади. Бу эса ҳар бир муаммоли шахс билан якка тартибда манзилли ишлаш имконини беради ва ўз-ўзидан жиноятчиликнинг олдини олишга хизмат қилади. Бир сўз билан айтганда, низоли шахсларни яраштириш, аёлларга маънавий ва психологик ёрдам кўрсатиш, ишсизлар бандлигини таъминлаш, яъни муаммога қараб манзилли ишлаш тизими таъминланади.

Йиғилишда Президентимиз жиноятчиликни жиловлаш борасида ҳуқуқ-тартибот идораларининг ҳамкорликдаги ишлари самарадорлигини янада ошириш, бу соҳада ягона марказлашган тизимни жорий этиш мақсадида “2021-2023 йилларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш кондепдияси”ни ишлаб чиқиш топшириғини берди.

Давлатимиз раҳбари қуйи тизимларда ишни тўғри ташкил этиш, бу масалага илмий ёндашувни татбиқ этиш мақсадида ички ишлар вазирлиги қошида Илмий-амалий тадқиқотлар маркази фаолиятини йўлга қўйиш таклифини билдирди. Албатта, илмий ёндашув асосида бошқарувнинг ягона тизими ҳамда жиноятчиликка қарши кураш соҳасида яхлит ва самарали иш методикаси яратилиши ички ишлар органларида профессионал хизматни шакллантиради.

Президентимиз ўз маърузасида ички ишлар органларига интеллектуал салоҳиятли, профессионал кадрлар тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.

Бугун ҳаётимизнинг барча жабҳаларига янги технологиялар кириб келмоқда ва бу ходимлардан ҳар куни ўз устида ишлашни, билимини оширишни талаб этади. Албатта, халқ манфаатлари йўлида хизмат қилаётган ҳар бир ходим, аввало, ўз билими, маънавий-ахлоқий сифатлари ва дунёқараши кенглиги билан ажралиб туриши керак.

Тан олиб айтиш керак, ислоҳотлар суръатига ва янгича иш услубига мослаша олмаётган, ҳамон эскича фикрлайдиган ходимлар ҳам учраб турибди. Айрим ходимларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари одамларнинг асосли норозиликларига ҳам сабаб бўлаётган ҳолатлар бор. Биз бундай ҳолатларнинг барчасини чуқур ўрганиб, текширувлар ўтказамиз ва, албатта, айбдорларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда жазо чоралари кўрилади.

Сафимизни бундай ходимлардан тозалаш ва уларнинг ўрнини ватанпарвар, халқ осойишталиги йўлида ҳалол хизмат қиладиган, садоқатли кадрлар билан тўлдириш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Келгусида ходимларда касбий билим ва амалий кўникмаларни шакллантириш, улар томонидан фуқароларга сифатли, профессионал хизмат кўрсатилишини таъминлаш мақсадида, кадрларни тайёрлаш, ўқитиш ва малака ошириш борасида ҳам бутунлай янги тизим асосида иш ташкил этилади.

Жиноятчиликни жиловлаш орқали халқимизни рози қилиш борасида масъулият ва шахсий жавобгарликни ҳис қилган ҳолда, фаолиятимизни такомиллаштириб бориб, ходимларнинг ишга бўлган муносабатини тубдан ўзгартиришга, ўз касбига виждонан ёндашиб, садоқат билан хизмат қилишига алоҳида эътибор қаратамиз.

Президентимиз олдимизга қўйган барча вазифалар юртдошларимизнинг кундалик турмуши, тинч-осойишта ҳаётини таъминлаш билан бевосита боғлиқ бўлиб, бу топшириқларнинг ижроси сўзсиз таъминланади. Фаолиятимизни, албатта, халқимиз кутган ва давлатимиз раҳбари талаб қилган даражага етказамиз.

“Янги Ўзбекистон” ижтимоий-сиёсий газетаси

© 2006-2021. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага