26 феврал 2020 2098

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳудудида халқаро террористик ва экстремистик ташкилотлар тарафдорлари ва аъзолари аниқланиб, фаолиятига чек қўйилди

26 февраль куни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳудудида яширин фаолият олиб борган халқаро террористик ташкилот ва экстремистик оқим ёлловчиларининг ғоявий таъсирига тушган бир гуруҳ шахсларнинг ноқонуний фаолиятига чек қўйилди.

Мавжуд маълумотларга кўра, мазкур шахслар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳудудида ноқонуний диний йиғилишлар ўтказиб, унда Суриядаги халқаро террористик ташкилотлар ғояларини тарғиб қилиб, уларни фаолиятини қўллаб-қувватлаб, ушбу ташкилотлар сафига бориб қўшилишни режалаштириб келганлар.

Ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 244-2-моддаси 1-қисми (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) билан қўзғатилган жиноят иши доирасида пойтахт ва вилоят ҳудудидаги 24 та манзилларда тинтув тадбирлари ўтказилиб, 21 нафар шахслар ички ишлар органларига келтирилди.

Ушбу шахсларнинг яшаш манзилларидан жиноятга алоқадор бўлган ашёвий далиллар топилиб, қонуний тартибда расмийлаштирилиб олинди ва тергов-суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.

Ўз навбатида, фуқароларимиз, айниқса ёшларимизни огоҳлантириб, бу каби қонун бузилишларига йўл қўймаслик мақсадида, бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб, ижтимоий тармоқларнинг шубҳали сайтларидаги даъватларга алданиб қолмаслик ҳамда жамоат тартибига таҳдид солувчи материаллардан фойдаланмаслик, сақламаслик ва тарқатмасликларини сўраймиз.

Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати

© 2006-2020. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech
Тепага