25 март 2020 95

Тошкент вилояти ҳудудида ноқонуний дори воситалари савдоси билан шуғулланаётган шахслар қўлга олинди

Тошкент вилояти ИИББ тезкор ходимлари томонидан 10-18 март кунлари ўтказилган тадбирлар давомида, тахминий суммаси жами 9 миллион сўмга тенг бўлган кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний савдосига чек қўйилган. Ушланган барча шахсларга нисбатан жиноий иш қўзғатилган.

Тошкент вилояти ИИББ Жиноят қидирув бошқармаси ва Тергов бошқармаси ходимлари томонидан 10 март куни ўтказилган тадбир давомида, Бухоро вилояти Жондор туманида рўйхатда туриб, Чилонзор туманида вақтинча яшовчи, Тошкент тиббиёт академияси талабаси 1996 йилда туғилган фуқаро Т.Р. Ўзбекистон Республикасида савдоси чекланган 100 дона “тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори моддасини ҳар бир донасини 43 минг сўмдан жами 4 миллион 300 минг сўм пуллар эвазига 1977 йилда туғилган фуқаро Б.К.га сотаётган вақтида холислар иштирокида қўлга олинган.

Юқоричирчиқ туманида 12 март куни ўтказилган тезкор тадбир давомида туман 2-сонли ўрта умумтаълим мактабининг 11 синф ўқувчиси Ш.А. ва 20 ёшли Н.Н.лар шартли мижозга жами 300 минг сўмлик “регапен” таблеткаларини сотаётган вақтида, ашёвий далиллар билан қўлга олинган. Тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу таблеткаларни ўқувчига сотган Тошкент шаҳрида яшовчи 1998 йилда туғилган У.С. ва Сергели туманида яшовчи 1994 йилда туғилган А.М.лар ҳам ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, 18 март куни Янгийўл туманида ўтказилган тадбир давомида Самарқанд вилояти, Булунғур туманида яшовчи 1994 йилда туғилган С.И. 112 дона “регапен” ва 25 дона “тропикамид” таблеткаларини 400 АҚШ доллари миқдоридаги маблағ эвазига сотаётган вақтида далилий ашёлар билан ушланган.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан, барча шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 251-1-модда (кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) 3-қисми билан жиноий иш қўзғатилган. Қўшимча суруштирув ишлари давом эттирилмоқда.

Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати

© 2006-2020. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech
Тепага