17 феврал 2021 738

Хизмат фаолиятига янги услубда ёндашиш – замон талаби

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 12 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ҳайъатининг кенгайтирилган мажлисида берган топшириқларининг ижросини таъминлаш мақсадида Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов бошчилигида видео-селектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ички ишлар вазирлиги марказий аппарати ҳамда жойлардан ички ишлар органларининг раҳбарлари, шахсий таркиби ҳамда профилактика катта инспекторлари қатнашдилар.

Даставвал Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонлари билан тайинланган вазирнинг ўринбосари – Тергов департаментининг бошлиғи Яхъё Абдулхаков ҳамда вазирнинг ахборот технологиялари бўйича ўринбосари Тураходжаев Нажмиддин шахсий таркибга таништирилди.

Йиғилиш давомида Давлат раҳбари томонидан маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлаш, жамоат хавфсизлиги ва фуқароларимизнинг осойишталигини таъминлаш борасидаги ички ишлар органлари фаолиятини танқидий таҳлиллари ва келгусида тизим фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича белгилаб берган бир қатор вазифалари муҳокама қилинди.

Сўнгги вақтларда жойларда, айниқса, бевосита маҳалланинг ўзида жиноятчиликнинг профилактикаси, аҳолининг муаммоли тоифалари орасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ишлари бирмунча сусайтириб юборилганлиги Президент томонидан жиддий эътирозга сабаб бўлганлиги алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, жамоат жойларида фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, ижтимоий хавфли, шу жумладан кибермакондаги жиноятларни фош этиш ишларини кескин такомиллаштириш заруратига алоҳида урғу берилди.

Йиғилишда жиноятчиликка қарши курашни “маҳаллабай” ташкил этиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида ички ишлар органлари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш ҳамда келгуси даврда ички ишлар органлари олдида турган долзарб вазифалар тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди.

- Тартиб-интизом, қонунларга ҳурмат, аҳолининг осойишталиги, энг аввало, маҳаллада тўғри йўлга қўйилиши зарур. Кўп раҳбарлар хотиржамликка берилгани, маҳаллага тушиб ишламагани, муаммоларни ўз вақтида аниқлаб, ҳал қилмагани оқибатида айрим маҳаллаларда жиноятлар ошишига олиб келган, - деди П.Бобожонов.

Шунингдек, Президент томонидан профилактика инспекторларига ортиқча юкламалар берилаётганлиги, асосий иш ҳажмидан ортиқча вазифалар билан шуғулланаётганлиги, бунинг натижасида кўп вақт йўқотиб, тўғридан-тўғри фаолияти, яъни жиноятларнинг профилактикаси қолиб кетаётганлиги кескин танқид остига олинганлиги таъкидланди.

Бундан буён, ишни мутлақо янги тизимда ташкил этиш вазифаси қўйилди. Маҳалла, туман ва шаҳарлар криминоген вазиятдан келиб чиқиб, уч тоифага, яъни, “қизил”, “сариқ”, “яшил”га бўлинади ва маҳалладаги жиноят ўчоқлари аниқланади ҳамда уларни келтириб чиқарувчи омиллар таҳлил қилиниб, шу йўналишда аниқ ва мақсадли ишлар олиб борилади.

Таҳлиллар асосида, энг кўп жиноятлар содир этилган маҳаллаларда қўшимча профилактика инспекторлари, тезкор вакил, патруль-пост ва йўл-патруль хизмати ходимларидан иборат алоҳида ички ишлар бўлинмалари ташкил этилади.

Криминоген вазият мураккаб маҳаллаларга куч-воситалар қайта тақсимлаб, бевосита “жиноятлар ўчоқ”лари бартараф этиб борилади.

Келгусида “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” негизида маҳаллалар кесимида аниқ маълумотлар базаси яратилади. Бу эса, ҳар бир муаммоли шахс билан якка тартибда манзилли ишлаш имконини беради,

Йиғилишда, Президентимизнинг жиноятчиликни жиловлаш борасида – ҳуқуқ-тартибот идораларининг ҳамкорликдаги ишлари самарадорлигини янада ошириш, бу соҳада ягона марказлашган тизимни жорий этиш мақсадида “2021-2023 йилларда Жамоат хавфсизлигини таъминлаш концепцияси” ишлаб чиқиш, бу масалага илмий ёндашувни татбиқ этиш мақсадида Вазирлик қошида “Илмий-амалий тадқиқотлар маркази” фаолиятини йўлга қўйиш таклифларини амалий ечимини топиш вазифаси юклатилди.

Шунингдек йиғилиш жараёнида тергов соҳасини такомиллаштириш ҳамда ахборот технологияларини ички ишлар органлари фаолиятига татбиқ этишдаги муаммоларда тўхталиб ўтилди.

- Ички ишлар органларининг барча бўғинида қоғозбозлик ва бюрократияни кескин камайтириб, иш юритишни рақамлаштириш бирламчи вазифамиздир. Инсон омилини камайтиб, рақамли технологиялар олдинламас экан, келажак ички ишлар органлари фаолиятини тасаввур қилиб бўлмайди, деб таъкидлади йиғилиш раиси.

Бу борада, соҳада ходимларнинг касбий билимларини ошириш, уларнинг профессионал даражасини юксалтириш борасида тизимли ишлар режалаштирилди.

Йиғилишда мутасадди раҳбарлар ва шахсий таркибнинг ҳисоботлари тингланди, таклифлари бўйича аниқ вазифалар белгиланди.

ИИВ Ахборот хизмати

© 2006-2021. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага