16 август 2020 194

Ёш ходимларни тарбиялашда психологик ёндашув

Бухоро вилояти ИИБ Кадрлар бошқармаси томонидан шахсий таркиб ўртасида хизмат интизоми ва қонунчиликни мустаҳкамлаш, шунингдек турли нохуш ҳолатларни олдини олиш мақсадида мунтазам равишда тарбиявий профилактик тадбирлар олиб борилмоқда. Кадрлар бошқармаси раҳбарияти ва туман (шаҳар) ички ишлар органлари бошлиқларининг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосарлари томонидан шахсий таркибнинг яшаш шароити ва оилавий аҳволи ўрганилиб юзага келган муаммолар жойида бартараф этилмоқда.

Кадрлар бошқармаси психологи ва жойлардаги психолог ходимлар томонидан шахсий таркибнинг ишчанлик хусусиятларини ошириш ва ходимларнинг руҳий аҳволи назорат қилиб борилмоқда. Жойлардаги шахсий таркиб ўртасидаги маънавий-руҳий муҳит мунтазам равишда ўрганилиб, аниқланган ҳар бир ҳолатлар бўйича зарур чоралар кўрилмоқда. Шунингдек тизимга янгидан қабул қилинган ходимларнинг касбга бўлган қизиқишларини ошириш, уларда хизматга доир кўникмаларни ривожлантириш ва жамоага тезда мослашишларини таъминлаш мақсадида психологик ўқув машғулотлари олиб борилмоқда.

Жорий йилнинг 15 август куни Ромитан тумани ИИБда ўтказилган йиғилишда вилоят ИИБ Кадрлар бошқармаси масъул ходимлари ҳам бевосита иштирок этиб, шахсий таркиб ўртасида хизмат интизомини мустаҳкамлаш юзасидан зарур тушунтиришлар бердилар.

Карантин қоидаларига риоя қилинган ҳолда ўтказилган йиғилишда, тизимга янги қабул қилинган ходимлар билан алоҳида учрашув ўтказилиб, уларга ички ишлар органлари ходими деган шарафли номга доғ туширмаслик, ёш ходимларда ватанпарварлик ва фидойилик хислатларини янада ривожлантириш ва турли нохуш ҳолатларни олдини олиш мақсадида зарур маслаҳатлар берилди.

Шунингдек, ёш ходимларга бириктирилган мураббийлар билан устоз – шогирд анъаналарига риоя қилган ҳолда иш олиб боришлари, касб сирларини қунт билан ўргатишлари ва бугунги кунда ходимлар учун яратиб берилаётган барча шароитлардан унумли фойдаланган ҳолда доимий равишда ўз устиларида ишлаб, ўқиб-ўрганиб боришлари тушунтирилди.

Амалга оширилаётган ижобий ишларга қарамасдан, жорий йилда айрим ёш ходимлар томонидан содир этилган интизом бузиш ҳолатлари мисоллар орқали етказилди. Шунингдек турли ижтимоий тармоқларда ички ишлар органлари ходимлари билан боғлиқ бўлган салбий ҳолатлар тарқалаётганлиги ва бу каби ҳолатлар қаттиқ эътирозларга сабаб бўлаётганлигини таъкидлаб, халқ манфаатларига хизмат қилиш асосий вазифа эканлиги уқтириб ўтилди.

Учрашув сўнгида психолог ходимлар томонидан ёш ходимлардан психологик тестлар олиниб, улар билан якка тартибда индивидуал суҳбатлар ўтказилди.

Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати

© 2006-2020. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага