14 феврал 2020 149

Ёшлар орасида жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида профилактик тадбирлар ўтказилмоқда

13 февраль куни Термиз шаҳридаги 4-сон умумий таълим мактабида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 март кунидаги “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори талабларидан келиб чиқиб, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни”га бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Ўтказилган мазкур йиғилишда вилоят ИИБ ҲПБ Вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил этиш бўлинмаси, вилоят Халқ таълими бошқармаси, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, вояга етмаганлар ишлари бўйича Термиз шаҳар идоралараро комиссияси, вилоят Наркология диспансери масъул ходимлари иштирок этишди.

Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармаси ва ҳудудий ички ишлар бўлимлари ходимлари томонидан мажбурий таълимни таъминлаш, таълим муассасаларида вояга етмаганлар орасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган тадбирлар ҳамда уларнинг дарсларга қатнашиши, давомати бўйича бир неча маротаба йиғилиш ва давра суҳбатлари ўтказилганлигига қарамасдан, таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этиш ҳолатлари ҳамда дарсларга мунтазам сабабсиз равишда келмасдан юрган вояга етмаганлар аниқланаётганлиги сабабли, вилоят ИИБ ҲПБ Вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил этиш бўлинмаси томонидан мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда Термиз шаҳридаги 4-сон умумий таълим мактабида “Ёшлар орасида жиноятчиликнинг олдини олиш” ва “Ёшлар орасида гиёҳванд воситаларнинг тарқатилишига қарши курашиш” мавзуларида профилактик тадбирлар ташкил этилди.

Мактаб ўқувчилари орасида дарс машғулотларига ўткир тиғли буюмлар олиб келиш ҳолатлари аниқланаётганлиги, бу каби буюмларни дарс машғулотларига олиб келиш мумкин эмаслиги, қонунда белгиланган тартибда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47-моддасига мувофиқ вояга етмаганнинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга нисбатан маъмурий чора кўрилиши ҳақида тушунтириб ўтилди.

Шунингдек, 8 февраль куни мактабнинг 8-“а” синф ўқувчиси, Холиқов Зафар ўзи билан дарс машғулотларига ўткир тиғли буюм олиб келганлиги аниқланганлиги ҳолати юзасидан З.Холиқовнинг ота-онаси иштирокида муҳокама этилиб, унинг салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилди.

Мактаб ўқувчиларидан 200 га яқини иштирок этган мазкур йиғилишда ёшлар орасида жиноятчилик ва унга қарши курашиш, гиёҳванд воситаларнинг турлари ва уларни истеъмол қилишнинг салбий оқибатлари ҳамда мавзуга оид бир қатор саволларга жавоб бериш билан бир қаторда “Олов билан ўйнашганлар” ҳужжатли фильми намойиш этилди.

Шу билан бир қаторда, мактабнинг 9 ва 10 синфларнинг давомати ўрганилиб, ўқувчиларнинг барчаси тўлиқ дарс машғулотларига қатнашаётганлиги аниқланди. Тадбир давомида ўқувчиларга дарс қолдирмаслик, дарс машғулотлари давомида уяли алоқа воситаларидан фойдаланмаслик, таъқиқланган буюмларни ўзи билан таълим муассасасига олиб келмаслик ва мактаб ички тартиб-қоидаларига риоя этишлик юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди.

Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

© 2006-2020. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech
Тепага