14 сентябр 2020 146

Замонга яраша таълим сифати ҳам юксалмоқда

Тараққиёт ва таълим бир-бири билан узвий жараён. Жамиятдаги ҳар бир соҳанинг ривожи кадрлар салоҳияти, таълим тизимининг қай даражада самарали йўлга қўйилганига боғлиқ. Айниқса ҳозирги интеграциялашув шароитида соҳага янгича ёндашувларни, замонавий технологияларни татбиқ этиш, илғор хорижий тажрибалардан унумли фойдаланиш янада муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бу борада юртимиздаги аксарият олий таълим муассасалари қаторида Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академиясида ҳам истиқболли дастурлар амалиётга жорий қилинмоқда. Шулардан бири «UNISYS» – ўқув жараёнини электрон тартибга солиш тизимидир. Жорий ўқув йилидан бошлаб ИИВ Академияси таълим-тарбия жараёнига татбиқ этилган ушбу тизим ўқув жараёнини самарали ташкиллаштириш, мониторинг қилиш баробарида, ўқитувчи ва талаба фаолиятини электрон (онлайн) тарзда назорат қилишга хизмат қилади.

Биламизки, таълим жараёнида сифат-самардорликка эришиш нафақат ўқитувчининг педагогик маҳорати ёхуд илмий салоҳияти, балки билим олувчининг фанларни ўзлаштиришга бўлган муносабатига ҳам боғлиқ. Янги тизимнинг ижобий жиҳати шундаки, у курсантнинг ўқишдаги шахсий масъулиятини ошириб, жараённинг очиқ ҳамда шаффофлигини таъминлайди. «UNISYS» тизимига Академиянинг мутахассислик йўналишлари, назарий ва амалий машғулотлар режаси, жадвали, ўқув жараёнига оид меъёрий ҳужжатлар, талабаларнинг машғулотларга қатнашиши ва фанларни ўзлаштириши мониторинги натижалари (давомат, дарс жадвали, электрон журнал оралиқ ва якуний назорат графиги, рейтинг қайдномаси), ўқув жараёни бўйича электрон ҳисоботлар (курсантларни ўқишга қабул қилиш ва четлаштириш) ҳамда интерактив онлайн хизматлар жойлаштирилган. Тизим хизматидан курсантларнинг ота-оналари ҳам фойдаланишлари, хусусан исталган вақт интернет тармоғи орқали махсус код ёрдамида тизимга уланиб, ўз фарзандларининг фанларни қай даражада ўзлаштираётгани, унга нисбатан қўлланилган рағбатлантириш ёки интизомий чоралар билан танишишлари мумкин. Худди шундай имконият курсантлар учун яратилган. Бунда ҳар бир курсант ўтилаётган дарс машғулотлари, синов ва имтиҳонлар жадвали, ўзининг кунлик давомати, фанларни ўзлаштириш кўрсаткичлари ҳамда ўқув жараёни билан боғлик бошқа маълумотларни кузатиб бориши мумкин. Бу эса ўқув жараёнининг таълим маскани, курсант ва ота-она ҳамкорлигида назорат қилинишини таъминламоқда.

Бундан ташқари, аудиторияларда ўрнатилган замонавий ахборот-телекомуникация технологиялари машғулотларни масофадан туриб (онлайн) ташкил этиш, хориждаги ҳамкор олий таълим муассасалари ҳамда амалиёт органларидаги тажрибали мутахассисларни ўқув жараёнига кенг жалб этиш, зарур ҳолларда курсантлар билан олиб борилаётган назорат имтиҳонларини уларнинг ота-оналари томонидан онлайн тарзда кузатиб бориш имконини бермоқда.

Таълим тизимининг сифат-самарадорлигини назорат қилиш мақсадида ўқув жараёнига «Monitoring» педагогик фаолият мониторинги дастури ҳам жорий қилинди. Ушбу дастурдан профессор-ўқитувчилар фаолиятини баҳолашга оид маълумотлар, яъни улар томонидан амалга оширилган ўқув-методик, илмий-тадқиқот, маънавий-маърифий ва тарбиявий ишлар ўрин олган. Ўқитувчи илмий-педагогик фаолияти мобайнида амалга оширган тадбирларини дастур базасига киритиб боради ва шу асосида ўз рейтингини шакллантиради. «Monitoring» дастурида  профессор-ўқитувчилар томонидан «Scopus», «Web of Science» ёки бошқа умумэътироф этилган индексацияланган маълумотлар базалари журналларида чоп этилган мақолалар, шунингдек «Xирш индекси» (h-index)га эга мақолалар ҳамда хорижий илмий лойиҳаларда иштирок этганлик учун энг юқори рейтинг баллари ажратилади. Пировардида, педагогик фаолият билан шуғулланаётган ўқитувчи-мураббийлар билан бирга, таълим муассасасининг илмий салоҳияти ҳам юксалади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, курсантлар ўртасида ўтказилган аноним сўровномалар натижалари дастурнинг «Ўқитувчи курсант нигоҳида» саҳифаси орқали берилиб, профессор-ўқитувчиларнинг педогогик фаолияти холисона баҳолаб борилиши мумкин. Бу ҳам ўқув жараёнини ижтимоий адолат мезонлари асосида йўлга қўйишга, турли коррупциявий ҳолатларнинг олдини олишга ёрдам беради. «Monitoring» дастурининг афзаллиги шундики, у профессор-ўқитувчиларнинг иш фаолиятини самарали таҳлил қилиш асосида улар орасида соғлом рақобат муҳитини шакллантиради. Юқори кўрсаткичларни эагаллаб келаётган профессор-ўқитувчиларни муносиб рағбатлантиришга муҳим омил бўлади.

Ҳозирги кунда Академия ахборот-ресурс марказида «АРМАТ++»  дастуридан кенг фойдаланилмоқда. Ушбу дастур орқали курсантлар ўз эҳтиёжларидан келиб чиқиб бадиий ва илмий-оммабоп адабиётларга буртма беришлари, уларни китоб ёки электрон ҳолатда мутолаа қилишлари мумкин. Ҳар бир курсантнинг ахборот-ресурс маркази хизматидан фойдалангани дастур базасида қайд этиб борилади ва бу жараённи мониторинг қилиш имконини беради. Айни пайтда 15 мингга яқин турли мавзудаги китоблар Академиянинг локал таълим порталидаги «АРМАТ++» дастури базасига киритилган ва келгусида бу ҳажмни янада кўпайтириш режалаштирилмоқда.

Айтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида ҳам фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг мустаҳкам интеграциясини таъминлаш асосида рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, илмий ва инновацион фаолиятни самарали ташкил этиш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш борасида устувор вазифалар белгилаб берилди. Ўқув жараёнига татбиқ этилаётган инновацион дастурлар таълим сифатини юксалтириш баробарида, мустаҳкам билим ва амалий кўникмага эга замонавий кадрлар тайёрлашга хизмат қилмоқда.

Жамшид ХОЛОВ,

ИИВ Академияси матбуот хизмати ходими

© 2006-2020. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага