19 май 2022 353

18 май-Халқаро музейлар куни

Маълумки, 1977 йилдан бошлаб мазкур кун дунё миқёсида кенг нишонланади. Мамлакатимизда ҳам мазкур кун 1997- йилдан бошлаб музейлар куни деб белгиланган. Бугунги кунда республикамизда 127 та музейлар фаолият юритмоқда. Уларнинг фондларида 2,5 миллиондан ортиқ ашёлар ва коллекциялар сақланади. 2021 йил давомида 3 миллион нафардан зиёд киши ташриф буюрган. “Ўзбекистон маданий мероси – янги уйғониш пойдевори” 5-халқаро конгресси иштирокчилари, дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатларидан Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамияти аъзолари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентига анъанавий мурожаат қабул қилинди. Олимлар юртбошимизнинг мамлакатимизда, жумладан илм-фан ва маданият соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ва туб ислоҳотларга қаратилган позициясини қўллаб-қувватлашини таъкидладилар. Конгресс иштирокчилари таъкидлашича Ўзбекистонда учинчи Ренессанс учун шарт-шароитлар яратишга қаратилган миллий ғоя аввало, пухта ўйланган маданий сиёсатга асосланган айнан маданият мамлакатнинг тикланишига, жамият маънавиятининг юксалишига, халқ айниқса ёш авлодда ватанпарварликни тарбиялашга асос бўлади. Ўзбекистонда миллий маданият соҳасидаги тизимли ислоҳотлар туфайли қадимий ёдгорликларни кенг миқёсда тиклаш ва ўрганиш ишлари олиб борилмоқда, маънавий-маърифий ишлар янги босқичга кўтарилмоқда, халқ ижодиётини қўллаб-қувватлаш, номоддий меросни сақлаб қолиш ишлари давлат даражасида амалга оширилмоқда. Шу билан бир қаторда олимлар, жамият ишининг натижалари билан таништирилди.

2022 йил 14 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган матбуот анжуманида Маданий мерос агентлиги вакиллари томонидан Ўзбекистон миқёсида мазкур кун муносабати билан барча музейларда “очиқ эшиклар” куни ўтказилиши эълон қилинди.

Жорий йилнинг 18 май куни ИИВ Касбий тайёргарлик бошқармаси Ўқув-дала марказида ички ишлар органларининг офицерлик лавозимларига хизматга қабул қилинган ходимлари билан ташкил этилган бошланғич тайёргарлик ўқув курсининг 22 нафар тингловчиларини Тошкент шаҳрида жойлашган Ўзбекистон Республикаси Туризм ва Маданий-мерос агентлиги тасарруфидаги “Ўзбекистон давлат тарихи” ва “Амир Темур” музейларига экскурсия ташкил этилди. Экскурсия юқори даражада ташкиллаштирилиб, барча тингловчилар кўзларида мамнунлик ҳиссини уйғотди.

Темурийлар тарихи давлат музейи 1996 йилда Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги муносабати билан очилган бўлиб, унинг фондида 5 мингдан зиёд экспонатлар сақланади. У 31 метр баландликдаги уч қаватли айлана шаклидаги тарихий, томи гумбазли бино шаклида барпо этилган.

Тингловчилар экскурсия давомида бинонинг ноёб ёғоч ўймакорлиги туширилган нақшинкор эшиклари, археология, этнография, нумизматикага оид ёдгорликлари, темурийлар давридаги қўлёзма шаклидаги асарлар, тасвирий санъат намуналарини томоша қилиш билан бир пайтда уларнинг яратилиш тарихидан хабардор бўлдилар. Айниқса, музей экспонатларини 3D-форматида ёритишда кенг фойдаланилаётган замонавий ахборот технологиялари тингловчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Шундан сўнг, тингловчилар Ўзбекистон тарихи давлат музейига ташриф буюрди. Мазкур музей ҳам Ўзбекистондаги экспонатлари энг кўп, мамлакатимиздаги музейлар орасида ташриф буюрувчилар сони жиҳатдан энг йирик музейлардан ҳисобланади. Музейда экспонатлари ватанимизнинг инсоният тараққиётининг дастлабки ибтидоий жамоа давридан, ҳозирги кунга қадар  тарихини изчил кетма-кетликда моҳирлик билан ёритади. Тингловчиларда музейдаги тарихий ва замонавий ҳарбий техникаларга ҳамда  Ўзбекистон мудофааси ва жамоат тартибини сақлаш тизими идораларининг ташкил этилиш тарихига оид экспонатлари алоҳида таассурот қолдирди. Халқаро музейлар куни муносабати билан тингловчи, лейтенант Тимур Кадиров экскурсия давомида “Ўзбекистон 24” телерадиокомпанияси мухбирига берган интервьюсида, юртимизнинг бетакрор маданий мероси нақадар , узоқ ва бой илдизга эга эканлиги, бу эса ўз навбатида унинг учун фахр-ифтихор туйғусини ҳис қилишга ундашини таъкидлаб ўтди.

Дарҳақиқат, мазкур ташрифлар барча тингловчиларда маданий мерос объектларига бўлган қизиқишини ва мамлакатимиз тарихини чуқурроқ ўрганиш иштиёқини ошириб, ҳар бир ички ишлар ходими учун буюк аждодларимизнинг қилган ишларидан  ибрат олишликка чорлайди.

ИИВ Малака ошириш институти матбуот хизмати

© 2006-2022. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага