26 июнь 2022 3390

«27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни» муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-лейтенант П.Р.Бобожоновнинг табриги

Ҳурматли матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари!

Сизларни касб байрамингиз — «Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни» муносабати билан Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти ва шахсий таркиби номидан самимий муборакбод этаман!

Бугун юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ҳудудлардаги бунёдкорлик ишлари, халқимиз турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган барча саъй-ҳаракатлар самарасида оммавий ахборот воситаларининг ҳам алоҳида ўрни бор.

Мамлакатимизда юз бераётган демократик ўзгаришлар, очиқлик ва ошкоралик, сўз ва фикр эркинлиги ҳаётимиз мезонига айланиб бораётган ҳозирги даврда журналист, ижодкорларнинг ҳам масъулияти янада кучайиб бормоқда.

Матбуот ва оммавий ахборот воситаларида ҳаётимиздаги ижобий ўзгаришларнинг таҳлили, баҳоси ҳамда соғлом танқидий руҳ кучайиб бораётгани эса, фаол фуқаролик жамиятини барпо этиш борасидаги зарур жиҳатлардан эканини алоҳида таъкидлаш лозим.

Шу ўринда, оммавий ахборот воситалари жамиятда фикрлар ва қарашларни шакллантирувчи асосий куч сифатида, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари учун ҳам ниҳоятда муҳимдир. Сабаби, жамоатчиликнинг фикр ва муносабатларида биз ўз фаолиятимизга берилган холис баҳони кўрамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, Сиз журналистларнинг Ички ишлар органларини халққа янада яқинлаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларингиз, соҳага бўлган эътиборингиз ҳамда соҳамиз фаолияти ҳақида жамоатчиликни хабардор этиш борасида қўшаётган улкан ҳиссангиз учун чуқур миннатдорчилик билдираман.

Сизларга сиҳат-саломатлик, оилангизга бахт-саодат ҳамда ижодий фаолиятингизда муваффақиятлар тилайман!

Пўлат Бобожонов,
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири
генерал-лейтенант.
2022 йил

© 2006-2023. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага