4 март 2022 865

4 март — ИИВ Қоровул қўшинлари ташкил топган кун. Нозик жуссасида улкан матонат

Бугун барча жабҳаларда бўлгани каби, ИИВ Қоровул қўшинларида ҳам эркаклар билан бир сафда, елкама-елка туриб хизмат қилаётган аёл ҳарбий хизматчилар кўпчиликни ташкил этади. Пойтахтимиздаги 7531-ҳарбий қисм хизматчилари майор Дилбар Ҳайдарова, катта сержантлар Наталья Решинская, Нилуфар Ярлакабова, кичик сержантлар Элвира Шоимқулова, Наргиза Қўзибоева, Малика Сатторова, Камола Алламберганова ва оддий аскар Латофат Ҳамроевалар ана шундай матонатли хотин-қизлар сирасидандир.

Турли миллат вакиллари бўлмиш бу осойишталик маликалари тонгни барвақт қарши олишга, оила юмушларини бажариб, хизматга эрта боришга ҳаракат қилишади. Чунки улар касбларини чин дилдан севишади, хизмат вазифаларига масъулият билан ёндашишади. Шу боисдир, турли лавозимларда фаолият юритиб, ўзларининг нималарга қодир эканликларини намойиш этиб келишяпти. Хусусан, улар жамоат ишларида ҳам фаол қатнашиб, аёллар ўртасида ўтказиб келинаётган спорт мусобақаларида, айниқса, шахмат, шашка ҳамда амалий ўқ отиш бўйича фахрли ўринларни қўлга киритиб келишаётир.

— Жамоадаги барча ҳамкасбларим оила аъзоларимдек қадрдон, дейди ҳарбий қисм қурол-аслаҳа ва кимё хизмати масъул ижрочиси, кичик сержант Эльвира Шоимқулова. Шукрки, оиламдан кўнглим тўқ. Турмуш ўртоғим Фарид Шоимқулов ҳам кўп йиллар давомида шу соҳада хизмат қилиб, пенсияга чиққан.

Дарҳақиқат, қаҳрамонларимизнинг ҳар бири юртимиз осойишталигини, аҳолининг тинч ва хотиржам ҳаёт кечиришини таъминлаш йўлида хизмат қилишни ўз ҳаётининг мазмуни деб билади. Сабаби, шу соҳада фаолият кўрсатиб, кам бўлишмади, ҳурмат-эътибор қозонишди. Бунда устозларининг ҳам хизмати катта бўлди.

Катта сержант Наталья Решинскаяни ўз касбининг устаси, десак, асло муболаға бўлмайди, дейди ҳарбий қисм командирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари, подполковник Шуҳрат Саидов. У ҳарбий хизматчиларнинг йиғма жилдлари билан ишлашда жонбозлик кўрсатиб келмоқда. Жамоат ишларида ҳам барчага намуна. Шахсий таркиб ўртасида алоҳида ҳурмат-иззатга эга бўлиш билан бирга, кўплаб шогирдлар ҳам тарбиялади.

Саккиз йил ИИВ Қоровул қўшинларига қарашли 7534-ҳарбий қисмда самарали хизмат қилган кичик сержант Камола Алламберганова эндиликда 7531-ҳарбий қисмнинг комендантлик батальонида ўзига юклатилган вазифаларни аъло даражада уддалаб келмоқда.

Биз, ҳарбий хизматчилар учун барча шароитлар яратилиб, кўплаб имтиёзлар берилмоқда, дейди кичик сержант Камола Алламберганова. Бу, албатта, бизни ўз хизмат вазифамизга янада масъулият билан ёндашишга ундайди, фаолиятимиз самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлади.

Осуда ҳаётимизнинг ҳушёр посбонлари, оиласининг оқила тарбиячилари бўлмиш матонатли аёл ҳарбий хизматчиларимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Уларни баҳорнинг илк айёми Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан самимий муборакбод этамиз. Юзингиздан табассум, лабингиздан кулги аримасин, деймиз.

Михли САФАРОВ, «Postda» мухбири.
Абу КEНЖАЕВ олган суратлар.

© 2006-2022. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага