29 апрель 2022 292

Андижон вилояти ИИБ ЖХХ Пробация бошқармаси ҳамда вилоят прокуратураси ҳамкорлигида назорат остидаги шахсларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш бўйича профилактик тадбирлар ўтказилмоқда

Андижон вилояти ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати Пробация бошқармаси ҳамда вилоят прокуратураси ташаббуси билан Андижон вилояти миқёсида назорат остидаги шахсларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш, уларнинг бандлигини таъминлаш, энг асосийси улар томонидан такрорий жиноятлар содир этилишини барвақт олдини олиш бўйича бир қатор ижобий профилактик тадбирлар ўтказилмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг 3 ойи давомида вилоят ИИБ Пробация бошқармаси ва унинг жойлардаги бўлинмалари томонидан 40 маротаба «Сайёр суд»лар ташкил этилиб, 384 нафар маҳкумлар жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод этилди. Шу билан бир қаторда тайинланган жазодан ўзига тўғри хулоса чиқармасдан, тузалиш йўлига кирмай, жазо ўташдан қасддан бўйин товлаб юрган 118 нафар маҳкумларнинг жазолари оғирроқ турдаги яъни озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилди.

Шунингдек, ўтган давр мобайнида маҳкумларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида 35 маротаба «Ишга марҳамат» тадбирлари ташкил этилиб, 163 нафар шахслар доимий иш билан таъминланди ҳамда 165 нафар шахсга йўлланмалар берилди.

Шу йилнинг 27 апрель куни ўтказилган ўтказилаётган «Сайёр суд» мажлисида Андижон шаҳар ИИОФМБ ЖХХ Пробация бўлими назоратида туриб, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тайинланган жазодан ўзига тўғри хулоса чиқариб олган 18 нафардан ортиқ шахсларга инсонпарварлик далолатномалари татбиқ этилиб, жазоларидан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.

Бундан ташқари жазодан ўзига тегишли хулоса чиқармасдан, уни ўташдан қасддан бўйин товлаб келаётган 4 нафар назоратдаги шахсларнинг жазолари оғирроқ турдаги, яъни озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилди.

«Ишга марҳамат» тадбирида эса 5 нафар шахслар доимий иш билан таъминланди ва 3 нафарига йўлланмалар берилди.

Ҳозирда, бу борадаги профилактик тадбирлар вилоят миқёсида давом эттирилмоқда.

Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати

© 2006-2022. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага