23 ноябрь 2022 517

«Атай қилган гуноҳни армон тушунмайдур...»

Мавлуданинг биринчи турмуши ўхшамади. Эрининг топганига қаноат қилмасди. Икки нафар фарзандли бўлса ҳамки, феъли ўзгармади. Кунда-кунора жанжал кўтариб,эрига бошқалардек яхши яшаши кераклигини бот-бот уқтирарди. Бир куни дугонаси унга Туркияда яхши ишлаб, мўмай даромад қилиш мумкинлиги ҳақида гапириб қолди. Шу-шу Мавлуданинг ҳаёли бузилди. Эри билан ажрашишга қарор қилди. Сўнгра фарзандларини онасига топширдию, чет элга жўнаб кетди.

Хориж дугонаси мақтагандек бўлиб чиқмади. Бир йилча ишладию, Термизга қайтиб келди. Кейин биринчи эридан болаларига алимент ундириш пайига тушди. Шу орада Баҳром билан танишди. Бир-бирини ёқтириб қолишгач, шаръий никоҳ ўқитиб, бирга яшай бошлашди. Аёлнинг ҳаёти бироз яхшилангандай бўлди, бироқ вақт ўтиб, яна ҳаммаси остин-устун бўлиб кетди. Баҳром ўғирлик устида қўлга тушиб, қамалиб кетди.

Мавлуда эса ҳомиладор ҳолида яна ёлғиз қолди...Бу орада ширингина қизалоқ дунёга келди. Унга Иймона деб исм қўйишди. Аммо у онасини қувонтирмади. Мавлуда дугоналари Дилнура ва Ҳалима билан ижарага уй олиб, фоҳишалик билан шуғулланишга мажбур бўлди. Ҳали эндигина ёруғ дунёни таниётган қизалоққа эса алоҳида қаров керак эди. Дугоналарига чақалоқ халақит қилаётганди. Улар Мавлудага қизини сотиб, Россияга бирга ишлашга кетишни таклиф қилишди.

Мурғак гўдагини кўзи қиймаган аёл аввалига унамай юрди, бироқ дугоналари қистайвергач, рози бўлди. Дарров чақалоққа мижоз ҳам топилди. Ҳали дунёдан бехабар гўдакнинг нархи 5 миллион сўмга баҳоланди.

Термиз шаҳридаги ошхоналардан бирида Мавлуда шерободлик Солиҳ исмли киши билан кўришди. Аввалига у қизини мажбуран сотаётганини тушунтириб, гўёки ўзини оқламоқчи бўлди. Мижоз пулларни чиқариб, стол устига қўйди. Мавлуда пулларни санаб, тезда сумкасига солаётганида хонага ички ишлар органлари ходимлари кириб келишди. Бундан довдираб қолган Мавлуда уларга қарата қизалоқни ўзи туққанини ва уни боқа олмагани учун ўз ихтиёри билан сотишга ҳаққи борлигини айтиб бақира бошлади.

Бироқ ходимлар бу қонунга зид ҳолат эканлигини унга тушунтиришгач, хато қилганини фаҳмлади. Аммо энди жуда кеч бўлганди... Суд Мавлуданинг қилмишига яраша ҳукм чиқарди, у 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Энди у Иймонага оналик қилолмайди. Чунки бу ҳуқуқдан ҳам маҳрум бўлди. Қизалоқ бошқа бир оила васийлигига топширилди. Гарчи ўз онаси унга ғамхўрлик қилмаган бўлсада, энди Иймонанинг меҳрибон ота-онаси бор. Улар қизалоққа керагича меҳр кўрсата олади.

Феруз Алибоев, майор, Феруза Раҳмонқулова, «Postda» мухбири. Сурхондарё вилояти.

© 2006-2023. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага