Aвтокредит учун тўланган 1,6 млрд. сўм пул маблағларини ноқонуний ўзлаштирган шахс қўлга олинди
2020 йилнинг октябрь ойидан 2021 йилнинг апрель ойига қадар Ш.C. ўзининг 4 нафар шериклари билан “LID CAR” номли МЧЖ ташкил этиб, “3 йил муддатга 15%лик кредит” асосида 90 кун ичида автомашина олиб бериши ҳақида ёлғон ахборотларни telegram ижтимоий тармоғидаги «AVTO CREDIT “LID CAR” OFFICIAL» номли канал орқали тарқатиб, фуқароларни алдаб, уларнинг пул маблағларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштириб келган.
Мазкур уюшган гуруҳ дастлаб фаолиятини Тошкент шаҳрида, сўнг Қашқадарё ва Андижон вилоятларида олиб бориб, 100 нафарга яқин фуқароларнинг жами 1,6 млрд. сўм пулларини ноқонуний равишда қўлга киритишган.
Уюшган гуруҳнинг жиноий фаолияти юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми “а,в” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган. Бироқ, уюшган жиноий гуруҳ ташкилотчиси, 1990 й.т. Ш.C. терговдан бўйин товлаб, жавобгарликдан қутилиш мақсадида яширинганлиги сабабли халқаро қидирувга берилган эди.
Жорий йил 8 июнь куни ИИВ Киберхавфсизлик маркази томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, 2021 йилнинг ноябрь ойидан буён қидирувда бўлган Ш.С. Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳри ҳудудида хонадонларда яшириниб яшаб келаётганлиги аниқланиб, қўлга олинди ва тергов органига топширилди.
ИИВ Киберхавфсизлик маркази