5 май 2023 1070

БАА делегацияси вакиллари билан учрашув

Бирлашган Араб Амирликлари Ички ишлар вазирлиги делегацияси вакиллари юртимизга ташрифи доирасида ИИВ Академиясида бўлди.

Учрашув томонларнинг самимий ва дўстона руҳдаги мулоқоти билан бошланди. Академия раҳбари Рустам Хатамов мартабали меҳмонларни қутлар экан, Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни алоҳида эътироф этди.

Унда қайд қилинганидек, икки томонлама алоқалар тарихий анъаналарга таянган ўзаро ишонч, тенглик ва манфаатли ҳамкорлик тамойиллари асосида жадал ривожланиб бормоқда. Бундан бир йил муқаддам давлатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг ўттиз йиллиги нишонланди. Мунтазамлик касб этаётган юқори даражадаги сиёсий мулоқотлар глобал соҳа ва тармоқларда юқори ўсиш суръатларига эришиш имконини бермоқда.

– Халқларимизни умумий тарих, маданий ва маърифий қадриятлар боғлаб туради. Ҳамкорлик алоқаларининг бугунги босқичида ҳар икки мамлакат тараққиётнинг илғор йўлини танлаган. Яна бир муҳим жиҳати, Бирлашган Араб Амирликлари ҳам Ўзбекистон сингари инсон тараққиёти ва таълимга катта инвестициялар киритмоқда. Мамлакатнинг етакчи ўқув даргоҳлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш таълим соҳасини янада ривожлантиришга хизмат қилади, – деди Рустам Хатамов.

Ўз навбатида, делегацияси раҳбари, Бирлашган Араб Амирликлари ИИВ Халқаро масалалар бюроси бош директори Дана Ҳумаид ал-Марзуқий юксак эътироф учун миннатдорлик билдирган ҳолда қуйидагиларни эътироф этди:

– Ўзбекистон минтақада муҳим геосиёсий мавқега эга давлат ҳисобланади. Сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёевнинг прагматик ички ва ташқи сиёсати туфайли ривожланишнинг тарихий босқичини босиб ўтдингиз. Ўзбекистоннинг тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, халқаро зиддиятларни тинч йўл билан ҳал этиш, замонавий таҳдид ва хавф-хатарларга қарши биргаликда курашишга қаратилган фаол ташаббуслари жаҳон ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Юртингизга ташриф асносида манфаатли йўналишларда ҳамкорликни янада кенгайтиришни мақсад қилганмиз. Ўйлайманки, бу борадаги саъй-ҳаракатларимиз ижобий натижасини беради.

Очиқ ва конструктив мулоқот давомида минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик бир қатор масалалар, жумладан, трансмиллий жиноятчиликка қарши курашишда ўзаро тажриба алмашиш, хавфсиз туризмни ривожлантириш, соҳага ИТ технологияларни кенг жорий этиш, инновацион таълим имкониятларидан самарали фойдаланиш, кадрлар тайёрлаш йўналишида Бирлашган Араб Амирликлари полиция академиялари ва Ички ишлар вазирлиги академияси ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, истиқболли дастурлар асосида кадрлар ва таълим олувчиларни ўқитиш, долзарб мавзуларда халқаро анжуман ва машғулотлар ўтказиш юзасидан фикр алмашилди. БАА делегацияси вакиллари мулоқот чоғида билдирилган таклиф ва ташаббусларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдирдилар.

Шундан сўнг меҳмонлар Академия фаолиятига жорий қилинган янгиланишларни кўздан кечиришди. Инновацион таълим жараёнлари, замонавий ўқув хоналари, у ерда яратилган шарт-шароитлар, айниқса дунёда ўчмас из қолдирган буюк аждодларимиз тимсолида ёшларнинг ватанпарварлик туйғуларини юксалтиришга қаратилган миллий ёндашувлар меҳмонларда ёрқин таассурот қолдирди.

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

© 2006-2023. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага