21 май 2022 515

Билим ва амалий кўникмалар синови

Соҳа учун профессионал кадрлар тайёрлаш мақсадида Ички ишлар вазирлиги академияси таълим жараёнига илғор ёндашувлар татбиқ этилмоқда. Шулардан бири «Финал» комплекс ўқув машқларидир.

«Финал» нима?

«Финал» – бу битирувчи босқич курсантлари билан ўқув йили якунида ўтказиладиган машғулотлар бўлиб, унинг асосий мақсади назарий билимларни амалий кўникмалар ёрдамида мустаҳкамлаш, курсантларнинг келгусидаги фаолиятига мослашишини таъминлашдир. Бунда машғулотлар ИИО амалиётига, ундаги шароитларга максимал даражада яқинлаштирилган ҳолда ўтказилади. Яъни ихтисослик йўналишларида таълим олаётган курсантлар ўқув тергов-тезкор гуруҳларига тақсимланган ҳолда содир қилинган жиноятни фош этишдан суд жараёнигача бўлган процессуал ҳаракатларни мустақил равишда бажаради.

Фойдали жиҳатлари

Мутахассисларнинг фикрича, «Финал» комплекс ўқув машқлари курсантларнинг жамоат тартиби ва хавфсизликни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятларни фош этиш ва тергов ҳаракатларини ўтказишда мақбул тезкор-хизмат ҳамда процессуал қарорларни қабул қилиш кўникмаларини шакллантиради. Муҳими, берилган топшириқни бажариш жараёнида ҳар бир курсант ўзининг касбий маҳорати, тезкор-тактик қобилияти, психофизиологик тайёргарлигини юксалтиришга эришади. Бу эса уларнинг амалий фаолиятга қисқа фурсатда мослашишига ёрдам беради.

Машғулотлар қандай ўтмоқда?

Жорий йилнинг 16 майидан комплекс ўқув машқлари бошланди. Машғулотлар ихтисослик кафедралари қошидаги ўқув-методик хоналар, криминалистик полигон, шунингдек махсус жиҳозланган объект ва майдончаларда олиб борилмоқда. Курсантларнинг гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш, ўғирлик, фирибгарлик, қасддан баданга шикаст етказиш, безорилик, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш жиноятларини фош этиш бўйича эгаллаган назарий билим ҳамда кўникмалари синовдан ўтказилмоқда.

Амалиёт ходимлари ҳам жалб қилинган

Айтиш жоизки, ўқув машқларига Академия ихтисослаштирилган кафедралари профессор-ўқитувчилари билан бирга, ички ишлар органларининг соҳавий хизмат раҳбарлари ва бой тажрибага эга ходимлари, суд, прокуратура, адвокатура тизими вакиллари, шунингдек ўқув даргоҳида таълим олаётган магистратура тингловчилари ҳам жалб этилган. Улар томонидан машғулотлар давомида ўқув тергов-тезкор гуруҳлари томонидан амалга оширилаётган процессуал ҳаракатлар баҳолаб борилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, «Финал» комплекс ўқув машқлари таълим даргоҳини тамомлаш арафасида турган ёшлар учун касбий билим ва салоҳият намоён этиладиган синов майдонига айланмоқда. Айни жараёнда курсантларнинг профессионал маҳоратини юксалтиришга устувор аҳамият қаратилаётгани кадрлар тайёрлаш самарадорлигини янада ошириши, шубҳасиз.

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

© 2006-2022. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага