18 март 2022 924

Билим ва маҳорат танлови

ИИВ Марказий госпиталида «Йилнинг энг яхши ҳамшираси» кўрик-танлови бўлиб ўтди. Мусобақада иштирок этган ўрта тиббий ҳамширалар тўртта шарт бўйича куч синашди.

Биринчи шартда ҳар бир иштирокчи ўзи фаолият юритаётган бўлинмани таништириб, уни видеоролик орқали намойиш этди. Кейин эса назарий ва амалий билимлар синовдан ўтказилди. Охирги шарт эркин мавзуда бўлиб, у янада қизиқарли тарзда ўтди.

Ҳамширалар Дилнура Қурбонова «Сурхонча рақс», Дилноза Юсупходжаева эса «Андижон полькаси» рақсини ижро этиб, барчага бир олам завқ улашган бўлса, Ҳуснора Зарипова ва Нозима Қаюмованинг таъсирли драматик саҳна кўриниши ҳам олқишларга сазовор бўлди.

Ҳакамлар «Истеъдодли тиббий ҳамшира», «Зукко тиббий ҳамшира», «Чаққон тиббий ҳамшира» каби номинацияларда ғолибларни аниқлашди. 

Улар орасидан энг юқори балл тўплаган 2-терапия бўлинмаси тиббиёт ҳамшираси Ҳуснора Зарипова Марказий госпиталнинг ўрта тиббий ходималари ўртасида ўтказилган «Йилнинг энг яхши ҳамшираси» кўрик-танловининг мутлақ ғолиби бўлди. Шунингдек, уч нафар ҳамшира Марказий госпиталь бошлиғининг фахрий ёрлиғи соҳибига айланди.

Тадбирда ИИВ Тиббиёт бошқармаси бошлиғи, подполковник Ш.Нишонов барча тадбир иштирокчиларини айём билан чин дилдан табриклади. Уларнинг шарафли хизматларига зафарлар тилади.

Шунингдек, ИИВ ашула ва рақс ансамбли ҳамда таниқли эстрада хонандалари ижросидаги куй ва қўшиқлар барчага байрамона кайфият улашди.

Абу Кенжаев, «Postda» фотомухбири.

© 2006-2022. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага