8 май 2023 487

Тасодифий учрашув

42 ёшли Ринат кучли бош оғриғидан уйғониб кетди. Кўзларини очиб, яна юмиб олди. Қуёш нурлари оғриқларини кучайтиргандек туюлди, бошига кимдир болғача билан тақиллатиб ураётгандек гўё. Томоғи қақраб кетди. Бу тунни уйи олдидаги курсида ухлаб ўтказди. Бундай ҳолатига спиртли ичимликни ошириб юборгани сабаб эди.

Ринат амаллаб ўрнидан турди. Ўзига келиши учун озгина ичиши керак эди. Чўнтакларини кавлаб, пул тополмагач, дўкон томон юра бошлади. Ҳаёлида бирон-бир танишини учратиб қолади ва у уни меҳмон қилади. Бироқ уни бу ерда омадсизлик кутиб турарди. Дўкон бўм-бўш, унинг устига сотувчи эски қарзини эслатди. Дўкондан чиққач, курсида ўтирган бир кишига кўзи тушди. Ундан анқиб турган ҳид ва ғижим кийимлари Ринат каби тақиллаган томоғини ҳўллашга келганидан дарак бериб турарди. Шунда Ринат ундан пул қарзга бериб туришини сўраб, албатта қайтаришини айтди. У киши эса, “йўқ” маъносида бошини силкитиб қўйди. Унга ичкилик учун пулни қаердан топса бўлишини ўйлаб кўришни таклиф қилди. Янги таниши 33 ёшли Рахим эди. Кейинги барга бориб, ундан ёши каттароқ бир эркак чиқиб келаётганига кўзлари тушди. Раҳим ортидан боришни таклиф қилди. Кетидан пойлаб бориб, у кишининг зинадан кўтарилиб, уйига кириб кетишини кузатишди. Зинадан иккинчи қаватга кўтарилиб, керакли эшикни тақиллатишди. Уй эгаси эшикни очиб улгурмай, уйига бостириб киришди. Ринат пичоқ олиш илинжида тўғри ошхонага қараб юрди, Рахим эса уй эгасини куч билан хонага олиб кирди. Қари киши қаршилик кўрсатишга уринди. Уни диванга улоқтириб, пичоқ билан қўрқитишди, агар шовқин кўтарса, ўзига ёмон бўлишини уқтиришди. Рахим қимматроқ буюмларни излашга тушди. Шу тариқа, икки дона банк картаси ва 2 та таъмирталаб телефон аппаратларини ўлжа сифатида қўлга киритдилар. Уйдан чиқаётиб, жиноятчилардан бири йўлакдаги илгакда илиниб турган курткани олди, йўл-йўлакай уй эгасидан хафа бўлмасмикан деб сўради. Кўчага чиққандан яқинда учрашишган жойи – тўғри дўконга қараб юрдилар. Яқин банкоматда пластик карталарнинг ҳисобини текшириб кўришди, улар бўш бўлиб чиқди. Шундан кейин улар Сергели тумани ИИО ФМБ тезкор-қидирув хизмати ходимлари ушламагунга қадар учрашишмади. Жабрланувчи унга ташланишгандан сўнг юрак хуружи билан касалхонага тушиб қолди. Умумий зарар 1.200.000 сўмни ташкил этди.

Сергели тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими терговчиси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 164-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди. Дастлабки тергов якунлангач, жиноий иш ва айблов хулосаси жиноят бўйича адолатли қарор қабул қилиш учун судга юборилди.

Сергели тумани жиноий ишлар бўйича суди 42 ёшли Ринат ва 33 ёшли Раҳимни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 164-моддасида кўрсатилган жиноятни содир этишда айбдор топиб, ўн йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини белгилади.

Ўйлаб кўриш учун вақт бемалол бўлади, умрининг ўн йилини қилмишларидан пушаймон бўлиш учун сарфлайди.

Жиноий иш тафсилотлари билан бизни Сергели тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими катта терговчиси, майор А. Акрамхўжаев таништирди.

Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати

© 2006-2023. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага